Атлантикадаги кемада ҳантавирус авж олди. 3 сайёҳ ҳалок бўлди

Олам

image

Атлантика океани бўйлаб круиз лайнерида саёҳат қилаётган уч нафар сайёҳ ҳантавирус туфайли вафот этди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мазкур ҳолат юзасидан суриштирув олиб бормоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, кам учрайдиган ҳантавирус касаллигининг тарқалиши Аргентинадан йўлга чиққан ва Кабо-Вердеда лангар ташлаган MV Hondius кемасида қайд этилди. Уч нафар сайёҳ ҳаётдан кўз юмган.

Ҳалок бўлганларнинг икки нафари Нидерландиядан бўлган 70 ва 69 ёшли эр-хотин. Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, эркак кема бортида касалланиб, Муқаддас Елена оролида вафот этган, унинг рафиқаси эса ЖАРнинг Кемптон-Парк шаҳридаги шифохонада жон берган.

ЖАР Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, учинчи қурбон – кема бортида аҳволи ёмонлашган 69 ёшли Буюк Британия фуқароси Йоханнесбургдаги хусусий тиббиёт муассасасига етказилган. Унда ҳантавирус аниқланган. Ҳозирда ЖССТ текширув ишларини олиб бормоқда.

Маълумот учун, ҳантавирус – бу асосан кемирувчилар (сичқон ва каламушлар) орқали юқадиган хавфли вирусли касалликлар гуруҳидир. У инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) маълумотларига кўра, ҳантавирус иккита жиддий синдромга эга:

  • ҳантавирусли ўпка синдроми;
  • буйракларга зарар етказувчи оғир касаллик – буйрак синдромли геморрагик иситма.

Ҳантавирус билан касалланиш кам учраса-да, вирус одамдан одамга юқиши мумкин. Ҳозирча унга қарши махсус даволаш усули ёки дори воситаси мавжуд эмас, бироқ тиббий ёрдамга ўз вақтида мурожаат қилиш омон қолиш имкониятини ошириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япониянинг Аомори префектурасида парранда гриппи авж олгани сабабли 230 минг бош товуқ йўқ қилингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Атлантика круиз лайнери ҳантавирус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг