Тўқаев Польшада ҳибсга олинган қозоғистонлик ишига шахсан аралашди

Олам

image

Польшада жосусликда айбланиб ҳибсга олинган Қозоғистон фуқароси Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг шахсий саъй-ҳаракатлари туфайли озод этилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг маслаҳатчиси ва матбуот котиби Ойбек Смадияров маълум қилди.

Маслаҳатчининг сўзларига кўра, Президентнинг шахсан ўзи бу вазиятга аралашган. 

“Маълумки, жорий йилнинг 28 апрель куни Польша Республикаси ҳудудида аввал ҳибсга олинган Қозоғистон Республикаси фуқароси озод этилди. Бу озодлик давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаевнинг шахсий саъй-ҳаракатлари туфайли амалга ошди. У Қозоғистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, жумладан, хорижда ҳам изчил ҳимоя қилиб келмоқда”, дейди Смадияров.

Шунингдек, у давлат раҳбари яқинда Беларусь фуқароси Александр Лукашенко билан бўлган телефон суҳбати чоғида ушбу вазиятдаги конструктив ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирганини таъкидлаган. Бундан ташқари, Смадияровнинг айтишича, Тўқаев Россия Президенти Владимир Путинга ҳам ўзаро мақбул натижага эришишда кўмаклашгани учун миннатдорлик билдирган.

“Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Польша Республикаси Президенти Кароль Навроцкий ва Бош вазир Дональд Туск номига мактублар юбориб, мавжуд вазиятда Польша томонининг вазмин ёндашуви учун миннатдорлик билдиради”, деб қўшимча қилган у.

Маълумот учун, айрим хорижий ОАВ маълумотларига кўра, гап Украинадаги Қозоғистон элчихонаси ҳарбий атташесининг ёрдамчиси Анвар Боқибой ҳақида кетмоқда. Польша ҳукумати уни Россия манфаатлари йўлида ишлаганликда гумон қилган. У “5 га 5” форматидаги маҳбуслар алмашинуви доирасида Беларусь томонига топширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияда Россия фойдасига қўпорувчилик ҳаракатларига тайёргарлик кўриш ва жосуслик қилишда гумонланаётган Қозоғистон фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Ойбек Рустамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев қозоғистонлик маслаҳатчиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг