Хусусий клиникаларга орган трансплантацияси ўтказишга рухсат берилади

Жамият

image

Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хусусий муассасаларга трансплантация фаолияти билан шуғулланиш имкони берилади. Бу ҳақда бугун, 1 май куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, тақдимотда, аввало, хусусий секторнинг соҳа ривожидаги ўрни ва бу борадаги мавжуд имкониятлари кўриб чиқилган. 2016 йилда Ўзбекистонда 3,2 мингта хусусий клиника фаолият юритган бўлса, 2026 йилда уларнинг сони 8,7 мингтага етиши кутилмоқда. Хусусий тиббиёт йўналишлари 39 тадан 116 тага, ушбу сектордаги койка ўринлари эса 16 мингдан 57 мингтагача кўпайган. Хусусий секторнинг умумий койка фондидаги улуши 12 фоиздан 31 фоизгача ошиши прогноз қилинмоқда.

Шу билан бирга, тизимдаги айрим муаммолар ҳам кўрсатиб ўтилган. Жумладан, тиббий хизматлар сифати устидан амалдаги назорат механизмлари етарли даражада самара бермаётгани, лицензиялаш талаблари замон талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги, хусусий клиникалар фаолияти тўғрисидаги маълумотларнинг ягона электрон тизимда шаклланмагани, шунингдек, инвестиция лойиҳалари билан манзилли ишлаш тизими етарли эмаслиги қайд этилган.

Шу боис, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва унинг масъулиятини оширишга қаратилган янги ёндашувлар тақдим қилинган.

Хусусан, тиббий фаолиятни лицензиялаш билан боғлиқ барча вазифалар Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш марказига ўтказилиб, 2026 йил 1 июлдан лицензиялаш тартибларини кучайтириш, бемор хавфсизлиги ва тиббий ёрдам сифатини таъминлашга доир 48 турдаги лицензия талабларининг 14 тасини қайта кўриб чиқиш таклиф қилинган. Мазкур жараёнда кўп тармоқли клиникалар фаолиятини тўлиқ тўхтатиш амалиётидан воз кечиб, фақат аниқ қоидабузарлик аниқланган йўналиш бўйича чеклов қўллаш тартиби назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, тиббиёт ташкилотларининг лицензия талаб ва шартларига риоя қилиниши бўйича сифат назорати кучайтирилиб, электрон ахборот тизимида масофавий баҳолаб бориш орқали назорат қилиш йўлга қўйилади.

Қолаверса, нодавлат тиббиёт ташкилотларига лицензия доирасидаги барча йўналишларда бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатишга рухсат бериш, аккредитациядан ўтган хусусий муассасаларга трансплантация фаолияти билан шуғулланиш имконини тақдим этиш, 2028 йилдан бошлаб аккредитациядан ўтмаган нодавлат ва республика даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари билан Суғурта жамғармаси томонидан тиббий хизматларнинг харидини амалга оширмаслик таклиф этилган.

2030 йил якунига қадар барча давлат тиббиёт муассасалари босқичма-босқич, хусусан, 2027 йил 1 апрелгача 55 та республика, 2028 йил якунига қадар 413 та ҳудудий ҳамда 2030 йил якунигача 3 мингдан ортиқ туман (шаҳар) давлат тиббиёт ташкилотлари фаолияти мажбурий лицензияланади.

Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

трансплантация Хусусий клиника

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг