Ўзбекистонда жорий йилда 13 та ГЭС ишга туширилади

Жамият

image

Ўзбекистонда жорий йилда 13 та ГЭСни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу ҳақда бугун, 29 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимотда сўз боради.

Ўзбекистонда 150 минг километрдан ортиқ дарёлар, сойлар ва каналлар мавжуд. Бу манбалар нафақат ичимлик суви ва суғориш, балки энергетика, иқтисодиёт ҳамда экология нуқтаи назаридан ҳам стратегик аҳамиятга эга.

Бугунги кунда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг катта қисми табиий газ ва кўмирга боғлиқ. Гидроэнергия улуши эса 10-12 фоиз атрофида. Шу боис, гидроэнергетикани ривожлантириш энергия тизимини барқарорлаштириш, ёқилғи ресурсларига боғлиқликни камайтириш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутади.

Сўнгги йилларда соҳада салмоқли натижаларга эришилган. 2017 йилда 36 та бўлган гидроэлектр станциялар сони 2025 йилда 100 тага етказилган. Уларнинг умумий қуввати 1,6 гигаваттдан 2,4 гигаваттгача ошган.

Марказий Осиёда ягона бўлган гидроагрегат ва технологик ускуналар ишлаб чиқарувчи “UzHydroPower” заводи ташкил этилган. Ўтган йили ишга туширилган Норин ГЭСлар каскадининг биринчи босқичи илк маротаба “миллий лойиҳа” моделига асосан амалга оширилиб, барча жараёнлар тўлиқ маҳаллий корхоналар томонидан бажарилган.

Шу билан бирга, мамлакат гидроэнергетика салоҳиятининг катта қисми ҳали ишга солинмагани қайд этилган. Аҳоли ва иқтисодиёт ўсиши билан электр энергиясига талаб ошиб бораётганини ҳисобга олиб, бу салоҳиятдан тўлиқ, ҳар бир дарё, сой ва каналларда фойдаланиш ҳамда янги қувватларни жадал ишга тушириш зарурлиги таъкидланган.

Тақдимотда 2026-2032 йилларда умумий қиймати 5,8 миллиард доллар бўлган 73 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалари кўриб чиқилган. Бунинг натижасида қўшимча 3,6 гигаватт қувват яратилиши кутилмоқда.

Жорий йилда 13 та ГЭСни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Уларнинг умумий қуввати 114 мегаватт, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми эса 537 миллион киловатт-соатни ташкил этади. Мазкур лойиҳалар доирасида 254 та иш ўрни яратилади. Бунга қўшимча Бўстонлиқ туманида 28 миллион долларлик грантлар ҳисобидан 20 мегаватт қувватли шамол электр станцияси қурилмоқда.

Йирик лойиҳалар қаторида Бўстонлиқ туманидаги Юқори Пском ГЭС қурилиши алоҳида аҳамиятга эга. Қиймати 365 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳанинг қуввати 160 мегаватт, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 484 миллион киловатт-соат бўлади. Бу 161 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. Лойиҳада маҳаллий компонентлар улуши 82 фоизни ташкил этади.

Фарғона вилояти Сўх туманида “миллий лойиҳа” тамойили асосида Сўх ГЭС қурилиши режалаштирилган. Қуввати 15 мегаватт бўладиган ушбу станция йилига 50 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариб, тумандаги электр эҳтиёжининг 71 фоизини барқарор таъминлашга хизмат қилади.

Юқори Тўпаланг ҳудудининг гидроэнергетика салоҳияти ҳам кўриб чиқилган. “Тўпаланг” сув омборига қуйиладиган дарё ва сойларда 42 та кичик ГЭС қуриш орқали 541 мегаватт қувват яратиш, йилига қарийб 1,9 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

Дунё амалиётида гидро тўплаш электр станцияларини қуриш орқали энергияни сақлаш ва қайта тақсимлаш тизимлари кенг жорий этилаётгани таъкидланган. Мамлакатда ҳам илк бор умумий қуввати 1,4 гигаватт бўлган 3 та шундай станцияни барпо этиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, умумий қуввати 164 мегаватт бўлган 2983 та кичик ва микро ГЭС қуриш режалари муҳокама қилинган.

Рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳам соҳа самарадорлигини оширишнинг муҳим йўналиши сифатида белгиланган. Сув омборлари ва гидроиншоотларда сув сатҳи, сув ҳажми, босим, метеомаълумотлар ва ишлаб чиқариш жараёнларини онлайн кузатиш имконини берувчи рақамли мониторинг тизимлари босқичма-босқич жорий этилади. Ҳозирда сув омборларининг хавфсизлигини таъминлаш учун 3,5 мингта назорат-ўлчов аппаратлари ўрнатилган.

Давлат раҳбари гидроэнергетика соҳасидаги лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берган.

Тақдимотда пойтахт ҳудудидаги дарё ва каналлар бўйларини ободонлаштириш, шаҳарда салқин микроиқлим яратиш мақсадида сунъий кўл ва ҳавзалар барпо этиш бўйича ишлар тўғрисида ҳам ахборот берилган.

Жумладан, Чирчиқ дарёсининг пойтахт ҳудудидан ўтувчи 16 километр қисмини ободонлаштириш ҳисобига 306 гектар ер майдонида “Дарё бўйи” лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.

Лойиҳа доирасида дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш, яшил ҳудудлар барпо этиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш ишлари амалга оширилади. Бектемир канали бўйида 187,3 гектар майдонда “яшил белбоғ” яратилади, сайилгоҳлар барпо этилади. Пиёдалар ва велойўлаклар, ички йўллар, ёритиш тизимлари ҳамда кўприклар қурилади.

Пойтахтда 4 та сунъий кўл ва сув ҳавзаларини ташкил этиш лойиҳаси ҳам тақдимот қилинган. Президент аҳоли учун қулай шароитлар, шаҳарда салқин микроиқлим яратишга бу камлик қилишини қайд этиб, кўллар сонини 12 тага етказишни топширган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев ГЭС гидроэнергетика гидроагрегат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг