Тожикистон банкнотаси дунёнинг энг яхши пул белгилари қаторига кирди

Олам

image

Тожикистонда 2025 йилда муомалага чиқарилган 100 сомоний номиналдаги банкнота нуфузли ҳар йилги халқаро “Йил банкнотаси” танловида иштирок этиб, дунёнинг энг яхши пул белгилари рўйхатидан жой олди. Бу ҳақда Халқаро банкноталар жамиятининг (IBNS) расмий сайтида хабар берилди.

IBNS маълумотларига кўра, 2025 йил давомида бутун дунё бўйлаб 100 га яқин янги банкноталар чиқарилган бўлса-да, улардан фақат 17 таси дизайни ва технологияси бўйича етарлича инновацион деб топилиб, номинантлар рўйхатига киритилган.

Ушбу танланганлар орасида Марказий Осиё шарафини ҳимоя қилган Тожикистон купюраси ҳам бор. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудидан Тожикистон билан бир қаторда Россия (1000 рубль) ва Қозоғистон (1000 тенге) ҳам номинацияда иштирок этган.

100 сомонийлик банкнота мовий, кўк, пушти ва яшил ранглар устувор бўлган ёрқин кўп рангли гаммада ишланган. Унинг бадиий концепцияси миллий тарих ва давлатчиликни акс эттиради. Олд томонида Исмоил Сомоний ҳамда мамлакатнинг муҳим тарихий-маданий рамзи бўлган Сомонийлар мақбараси тасвирланган. Композицияни Тожикистон герби, 25 йиллик эсдалик логотипи ва мураккаб геометрик элементлар тўлдиради.

Банкнотанинг орқа томони замонавий давлатчиликка бағишланган: унда парламентнинг янги биноси, давлат байроғи, шунингдек, тожик ва инглиз тилларидаги матнлар акс этган.

Ишлаб чиқувчилар банкнота ҳимоясига алоҳида эътибор қаратган. У замонавий хавфсизлик элементлари, жумладан, Исмоил Сомоний портрети туширилган сув белгиси, ранглари ўзгарувчан RollingStar элементлари, динамик эффектга эга ва яширин “100” сони акс этган ҳимоя ипи, шунингдек, ўзаро мослашувчи тасвирлар ва мураккаб геометрик тузилмалар билан жиҳозланган. Банкнота Германиянинг Giesecke & Devrient компаниясида босилган ва 2025 йил 30 октябрда муомалага чиқарилган.

Дизайни юқори баҳоланганига қарамай, Тожикистон банкнотаси совриндорлар қаторига кира олмаган. Танлов ғолиби деб Кюрасао ва Синт-Мартеннинг оригинал “сув ости” мавзуси ва мураккаб гибрид дизайни билан ажралиб турувчи 200 гульденлик купюраси топилган.

Иккинчи ва учинчи ўринларни Фижи ва Замбия банкноталари эгаллаган бўлса, кучли бешликдан Фолкленд ороллари ва Папуа – Янги Гвинея пул белгилари ҳам жой олган.

IBNS номинантлари қаторига кириш халқаро миқёсдаги муҳим эътироф ҳисобланади. Ушбу танлов банкнота дизайнининг энг яхши намуналарини бирлаштириб, уларни нафақат тўлов воситаси, балки санъат асари ва миллий ўзликни ифодаловчи восита сифатида баҳолайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Марказий банки мамлакат тарихидаги энг йирик номинал – 10 миллион риаллик (тахминан 7 АҚШ доллари) банкнотани муомалага киритгани ҳақида хабар берилган эди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

пул Йил банкнотаси сомоний

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг