Тошкент вилоятида йирик нарколаборатория ташкил қилганлар ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Олмалиқ ва Оҳангарон шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи икки йирик нарколабаратория фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди. 

Маълум қилинишича, тезкор тадбирда икки нафар шахс ушланган. Уларнинг ёнидан 500 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилган ва далилий ашё сифатида олинган. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, яна бир бошқа тарқатувчи ҳам қўлга олинган. Унинг ёнидан ҳам 500 дона кучли таъсир қилувчи дорилар топилган. 

Мазкур дориларнинг манбасини аниқлашга қаратилган тезкор тадбир давомида Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида яна уч нафар шахс, яъни лаборант, омбор мудири ва қадоқловчидан иборат жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган.

Уларнинг яшаш манзили кўздан кечирилганда нарколаборатория ташкил этилганлиги аниқланган. Ҳонадондан далилий ашё сифатида 9 кг прегабалин, 500 грамм тропикамид ва 600 дона прегабалин кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда қадоқлаш учун асбоб-анжомлар олинган. Тезкор тадбир натижасида 200 мингдан ортиқ бир марталик дозага тенг кучли таъсир қилувчи дори воситалари тарқалишининг олди олинган. 

“Биз одамларга сотган бу дорилар нечта инсонни заҳарлашини биламан. Чин дилдан афсусдаман. Кимга зарар етказган бўлсам, кимнидир оиласига, фарзандига зарар етказган бўлсам узр сўрайман. Биз ёмон иш қилдик. Тўғри иш қилмадик. Тўғри йўлни танламадик”, дейди гумонланувчи. 

Хабарга кўра, навбатдаги тезкор тадбир Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида ўтказилган. Тадбирда гумонланувчи лаборант қўлга олинган. Унинг яшаш манзили ҳолислар билан кўздан кечирилган. Натижада ҳонадонда нарколаборатория ташкил этилганлиги аниқланган. Ушбу шахс яшаш манзилида кучли таъсир қилувчи дориларни тайёрлаш билан шуғулланиб келган.

Нарколабораториядан 6 кг прегабалин, 500 грамм тропикамид кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда қадоқлаш учун зарур бўлган асбоб-анжомлар далилий ашё сифатида олинган. Натижада эса 160 мингдан ортиқ бир марталик дозага тенг бўлган кучли таъсир қилувчи дори воситалари тарқалишининг олди олинган.

“Қилган ишимдан пушаймонман. Мен чин кўнгилдан ёшларга, ҳаммага бу нарсаларни тавсия бермайман. Озодликни қадрига етинглар”, дейди гумонланувчи. 

Мазкур икки ҳолат юзасидан ҳам Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда эркак 24 кг “гашиш” билан ушланган эди.

Шаҳзода Шукуруллаева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Тошкент вилояти нарколаборатория

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг