Сунъий интеллект сабаб миллиардерлар сони сезиларли ортмоқда
Олам
−
23 Апрель 4451 2 дақиқа
Дунё бўйлаб миллиардерлар сони 2031 йилга бориб қарийб 4 минг нафарга етиши мумкин. Бу эса бойлик йиғиш жараёни тобора тезлашаётганини кўрсатади. Бу ҳақда “Knight Frank” халқаро кўчмас мулк агентлиги эълон қилган таҳлилда сўз боради.
Унга кўра, ҳозирда дунёда 3 110 нафар миллиардер бор. Бу кўрсаткич кейинги беш йил ичида 25 фоизга ошиб, 3 915 нафарга етади. Шунингдек, камида 30 миллион доллар бойликка эга бўлган мультимиллионерлар сони ҳам тез суръатда ортмоқда. 2021 йилда уларнинг сони 162 191 нафар бўлган бўлса, ҳозирда 713 626 тага етган. Бу 300 фоиздан ортиқ ўсиш демакдир.
Компаниянинг тадқиқотлар бўйича раҳбари Лиам Бейлининг айтишича, миллиардер ва миллионерлар бойлиги технология, айниқса сунъий интеллект соҳасидаги даромадлар ҳисобига кескин тезлашган.
“Бизнесни кенгайтириш имконияти ҳеч қачон бунчалик юқори бўлмаган. Бу эса катта бойликларни жуда тез орттириш имконини бермоқда, технология ва сунъий интеллект эса бу жараённи янада тезлаштиряпти”, дейди у.
Тадқиқотларга кўра, миллиардерлар сони Саудия Арабистонида энг тез – 2026 йилдаги 23 нафардан 2031 йилда 65 нафаргача, Польшада 13 нафардан 29 нафаргача, Швецияда эса бу кўрсаткич 32 тадан 58 нафар миллиардергача ошиши кутилмоқда. Бу қарийб 81 фоизга ўсиш дегани.
Бу жараён бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут кенгайиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда. “World Inequality Lab” ҳисоботига кўра, дунё аҳолисининг атиги 0,001 фоизини ташкил этувчи 60 мингга ҳам етмайдиган одамлар бутун инсониятнинг энг камбағал ярмига қараганда уч баравар кўпроқ бойликка эга. Шу сабабли, кўплаб экспертлар супербойларга солиқни ошириш бўйича глобал чақириқларни илгари сурмоқда. Чунки жамиятдаги энг бой қатлам сиёсий таъсирни ҳам сотиб олаётгани ҳақида хавотирлар бор. “Oxfam” халқаро камбағалликка қарши кураш ташкилотининг маълумотларига қараганда, ўтган йили рекорд даражада янги миллиардерлар пайдо бўлган ва уларнинг умумий сони илк бор 3 мингдан ошган. Уларнинг умумий бойлиги 18,3 триллион долларни ташкил этади.
Таҳлилларга кўра, ҳозирда миллиардерларнинг қарийб учдан бири Шимолий Америкада яшайди. 2031 йилга бориб, бу ҳудудни Осиё минтақаси ортда қолдириши кутилмоқда. Ўша пайтда миллиардерларнинг 37,5 фоизи Осиё-Тинч океани минтақасига, 27,8 фоизи эса Шимолий Америкага тўғри келиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Илон Маск ҳозирда дунёнинг энг бой одами бўлиб, унинг бойлиги 785,5 миллиард доллар деб баҳоланган. Ларри Пейж 272,5 миллиард доллар билан иккинчи, Жеф Безос эса 259 миллиард доллар билан учинчи ўринни эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Осиёнинг энг бой одамлари рейтинги эълон қилинган эди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси