Кореяда ўз уйидан ўлик ҳолда топилган ўзбекистонлик қиз ҳақда расмий маълумот берилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Жанубий Кореяга ишлаш мақсадида кетган ўзбекистонлик 26 ёшли аёл уйидан ўлик ҳолда топилгани ҳақда хабар берилганди. У ўз жонига қасд қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси воқеа содир бўлган кундан бошлаб Жанубий Корея ҳуқуқ-тартибот органлари билан аёлнинг ўлими ҳолатига ойдинлик киритиш, тергов ҳаракатларини ҳаққоний олиб борилишини таъминлаш мақсадида ҳамкорлик қилиб, учрашувлар ўтказиб келмоқда.

Яқинда олиб борилаётган тергов ишлари ҳақда аниқ маълумотларни тақдим этиш мақсадида марҳуманинг онаси Феруза Алимбекова элчихона ҳамда мазкур давлат полицияси кўмагида Жанубий Кореяга таклиф этилган.

Жорий йилнинг 14 апрель куни марҳуманинг онаси, унинг адвокати ҳамда элчихона ходимлари иштирокида ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бораётган Пхёнтхэк шаҳар полицияси масъуллари билан учрашув ўтказилган.

Учрашувда Корея полицияси вакиллари Ўзбекистон фуқаросининг вафоти ҳамда ушбу ҳолатнинг юз бериш тафсилотлари бўйича ўтказилган қўшимча текширув тадбирлари хусусида маълумот берган.

Корея ҳуқуқ-тартибот органларининг маълум қилишича, фуқаро Нозима Кимнинг ўлими юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ва экспертиза натижаларига кўра, марҳуманинг вафотида қотиллик аломатлари аниқланмаган.

Бундан ташқари, Корея полицияси томонидан воқеа содир бўлган тунда ёзилган марҳума истиқомат қилган уйнинг атрофидаги, шунингдек, Нозимага биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган касалхона ҳамда Пхёнтхэк шаҳридаги “Сонму” шифохонасидаги камераларга муҳрланган видеотасмалар ҳам марҳуманинг онасига ва унинг адвокатига маълумот тариқасида кўрсатилган.

Учрашув давомида Пхёнтхэк шаҳридаги Корея Миллий суд-тиббиёт экспертизаси томонидан амалга оширилган чуқурлаштирилган экспертиза натижалари ҳам маълум қилинган.

Мазкур таҳлил натижаларига кўра, фуқаро Нозима Кимда ўз жонига қасд қилиш ташхиси асосида ўлим ҳолати қайд этилган. Шунингдек, ДНК, қон, бармоқ изи таҳлил қилингани, унинг танасидан заҳарли ва дори моддалар ёки ички ҳамда ташқи тана қисмларида қаттиқ зарба таъсирида юзага келган кўкариш ҳолатлари аниқланмагани бўйича ҳам маълумот берилган.

Корея полицияси ходимлари ижтимоий тармоқларда тарқалаётган марҳума Нозима Кимга тегишли турли суратлар тергов жараёнида олинмагани ва уларни тарқатиш Корея қонунчилиги бўйича тақиқланишини билдирган.

Учрашувда Пхёнтхэк шаҳар полицияси вакиллари ҳозирда тергов жараёни давом этаётгани, натижаси бўйича маълумотлар марҳуманинг яқинларига тақдим этилишини билдирган.

“Мазкур ҳолат мамлакатимиз элчихонаси томонидан назоратга олинган бўлиб, дипломатик ваколатхона марҳуманинг вафотига ойдинлик киритиш бўйича Корея полицияси билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.

Шу ўринда, элчихона фуқароларимиздан марҳума ватандошимизнинг хотирасини ҳурмат қилишга, турли тасдиқланмаган, нотўғри ва асоссиз маълумотларни тарқатмасликка чақириб қолади”, дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Баликесир вилоятидан 46 ёшли Дилафрўз Чўлиеванинг жасади топилиб, Ўзбекистонга қайтарилганди. Мазкур жиноятни содир этишда гумонланиб 4 нафар шахс қўлга олинган бўлиб, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 

Шунингдек, олдинроқ Туркиянинг Истанбул шаҳри Шишли туманида чиқинди йиғувчи томонидан ахлат контейнеридан ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг жасади топилган эди.

Кейинроқ мазкур иш доирасида у ўлдирилган Умрониядаги уйда яна бир ўзбекистонлик аёл – Сайёра Эргашалиева ҳам бўлаклаб ўлдирилгани аниқланди.

Бундан ташқари, Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик аёл озарбайжонлик шахс тарафидан жинсий зўравонликка учраганди

Туркиянинг Истанбул вилояти Молтепа туманида 2019 йилда йўқолган деб қидирувга берилган ўзбекистонлик аёл эри томонидан ўлдирилиб, чиқиндига ташлангани аниқланганди

Қолаверса, Туркиянинг Бодрум шаҳрида Ўзбекистон фуқароси бўлган 36 ёшли M.С. уйига кетиш учун минган автомобилда икки эркакнинг жинсий тажовузига учраганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Сеул Нозима Ким

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг