Шавкат Мирзиёев ОҚХЖ президентлигига сайланди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2027-2029 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) президенти этиб сайланди. Бу ҳақдаги қарор бугун, 22 апрель куни жамғарма таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида имзоланди.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида ўтган тадбирда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва ОҚХЖнинг Ижроия қўмитаси раиси Асхат Оразбай ҳам қатнашган.

Кун тартибига мувофиқ, Қозоғистоннинг 2023-2026 йилларда ОҚХЖга раислигининг натижалари сарҳисоб қилиниб, Орол денгизи ҳавзасида экология, сув ресурсларини бошқариш ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ноёб минтақавий тузилма сифатида фаолият юритиб келаётганини, Марказий Осиёда сув тақчиллигининг кучайишига сабаб бўлаётган иқлим ўзгаришлари ва сув истеъмоли кўпайиб бораётган шароитда унинг роли ва аҳамияти янада ортаётганини таъкидлаган.

Тадбир якунида етакчилар Остона баёнотини, Қозоғистон раислигининг бориши тўғрисида, 26 мартни Халқаро Орол денгизи, Амударё ҳамда Сирдарё куни деб эълон қилиш тўғрисида ҳамда Ўзбекистон етакчисини 2027-2029 йилларда жамғарма президенти этиб сайлаш тўғрисидаги қарорларни имзолаган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Остонада ўтган Минтақавий экологик саммитда “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” давлатлараро консорциумини таъсис этишни таклиф қилган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти яна 7 та аниқ таклифни илгари сурди.

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитида асосий қисми фермерлар ва саноатчиларни сувни тежовчи замонавий технологиялардан фойдаланишга амалий жиҳатдан ўргатадиган “Келажак суви” минтақавий дастурини ишга туширишни таклиф этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Оролни қутқариш халқаро жамғармаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг