Чет тили сертификатига эга ёшларга янги имтиёзлар берилади
Жамият
−
20 Апрель 36465 2 дақиқа
Ўзбекистонда B2 даражага эришган ёшлар учун хорижий паспорт расмийлаштириш учун бож, C1 даража ва тадбиркорлик ташаббуслари учун айрим давлат хизматлари тўловлар 50 фоизгача камайтирилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 20 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, бу мамлакатда ёшларга оид қабул қилинаётган биринчи яхлит стратегия бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшларнинг ўрни ва салоҳиятини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси 38 миллион нафарни ташкил этаётган бўлса, шундан 9,5 миллиони ёки қарийб 25 фоизи 14-30 ёшдаги йигит-қизлардир. Ҳар йили 270 мингта ёш оила шаклланмоқда. Ана шу демографик омил ёшлар сиёсатига узоқ муддатли ва тизимли ёндашувни талаб этмоқда.
Стратегияда ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, сифатли ва инклюзив таълимни ривожлантириш, хорижий тилларни оммалаштириш ва касбий таълимни кенгайтириш, меҳнат бозорини рағбатлантириш ҳамда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, маданий, жисмоний ва маърифий ривожланишни кучайтириш, волонтёрлик ҳаракатини кенг ёйиш, ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, очиқлик ва иштирок механизмларини кенгайтириш каби устувор йўналишлар белгиланган.
Тақдимотда 2030 йилга қадар эришилиши лозим бўлган асосий мақсадли кўрсаткичлар кўриб чиқилган. Хусусан, ҳар йили 600 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш, 2030 йилга қадар 900 минг ёшни волонтёрликка жалб этиш, ўқув марказлари сонини 90 мингтага етказиш, 450 минг нафар ёшнинг хорижий тиллар бўйича билимини B2 даражасига олиб чиқиш, ёшлар жиноятчилигини камайтириш, ҳар йили камида 10 мингта ёш оилани ипотека орқали қўллаб-қувватлаш каби вазифалар назарда тутилган. Таълим соҳасида ёшларнинг сифатли билим олиши, нодавлат таълим хизматларини қўллаб-қувватлаш, чекка ҳудудларда ўқув марказлари имкониятларини кенгайтириш, хорижий тилларни ўрганишни рағбатлантириш бўйича янги имтиёзлар назарда тутилган.
Жумладан, олис ва чекка ҳудудларда ўқув марказларини ташкил этишга 300 миллион сўмгача ссуда ажратиш, улар учун ижтимоий солиқни ва ўқитувчиларининг даромад солиғини 1 фоиз этиб белгилаш таклиф этилган. Шунингдек, B2 даражага эришган ёшлар учун хорижий паспорт расмийлаштириш учун божни, C1 даража ва тадбиркорлик ташаббуслари учун айрим давлат хизматлари тўловларини 50 фоизгача камайтириш таклиф қилинмоқда.
Давлат раҳбари ёшлар масаласига доир барча ташаббус ва чоралар, энг аввало, ёш авлоднинг билимли, соғлом, ташаббускор ва ватанпарвар бўлиб камол топишига, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилиши зарурлигини таъкидлаган. Стратегияни самарали амалга ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилган.
Live
Барчаси