Туркия мактабларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Олам

image

Шонлиурфа ва Қаҳрамонмараш шаҳарларидаги мактабларга қонли ҳужумдан сўнг, Туркия бўйлаб хавфсизлик чораларини кучайтириш ишлари олиб борилмоқда. Баъзи мактабларда форма мажбурий этиб белгиланди, ота-оналарнинг мактаб ҳудудига кириши чеклаб қўйилди. Бу ҳақда GZT хабар қилди.

Қайд этилишича, айрим мактаблар ўқувчилар ва ота-оналарнинг хатти-ҳаракатларига оид янги қоидаларни жорий қила бошлаган. Хусусан, ўқувчиларнинг мактабдан чиқиши қатъий назорат остига олинган, тушлик танаффуси тартиблари ҳамда сумкаларни текшириш тизими қайта кўриб чиқилган. Айрим мактаблар бошланғич синфдан тортиб лицей босқичидаги ўқувчиларгача ягона формани мажбурий қилиб белгилаган.

Шунингдек, мактаб маъмуриятлари рухсатсиз киришларнинг олдини олиш мақсадида ташриф буюрувчилар устидан назоратни кучайтирди. Унга кўра, ота-оналар мактабга исталган вақтда кира олмайдиган бўлди. Улар олдиндан маълум бир вақтни белгилаб бориши шарт қилинди. Ота-оналарнинг мактаб ҳудуди ичида эркин ҳаракатланиши чекланиб, фақат белгиланган жойларда бўлишларига рухсат этилади.

Янги тартибга кўра, айниқса, лицей даражасидаги мактабларда ўқувчилар ота-онасининг хабарисиз мактабни тарк этишига рухсат берилмайди. Соғлиқ билан боғлиқ ҳолатлар ёки ўқувчи билан боғлиқ махсус рухсат керак бўладиган ҳолат юз берса, унинг ота-онаси шахсан мактабга келиши шарт бўлади.

Баъзи мактаблардаги тўлиқ кунлик таълим давомида тушлик вақтида ташқарига чиқиш бекор қилинди. Ўқувчиларга овқатни уйдан олиб келиш ёки мактаб ошхонасидан фойдаланиш тавсия этилди. Шунингдек, сумкалар, кийим-кечаклар ва электрон қурилмаларни текшириш янада кенгайтирилиши маълум қилинган. Қоидаларга риоя қилмаган ўқувчиларга эса интизомий чоралар қўлланилади.

Мактаблар кириш-чиқиш вақтларини кузатиш учун ота-оналарни хабардор қилиш тизимларидан янада фаол фойдаланишни бошлади. Ўқувчи кечикса ёки мактабдан эрта чиқиб кетса, ота-оналарга дарҳол хабар юборилади. Айрим таълим муассасалари эса металл детектор қурилмаларини ўрнатишга тайёргарлик кўрмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Туркиядаги таълим муассасаларда тез-тез қуролли ҳодисалар юз бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг 2 март куни бутун Туркияни ларзага солган воқеа содир бўлди. Истанбул шаҳридаги Бўрса касб-ҳунар ва техника Анадолу лицейида ўқитувчи Фотима Нур Челик ўз ўқувчиси томонидан пичоқланиб, ўлдирилганди.

Шунингдек, жорий йилнинг 14 апрел куни Шонлиурфа вилояти Сиверек туманида жойлашган лицейда қуролли ҳужум содир бўлди. Оқибатда 16 киши жароҳатланиб, ҳужум содир этган ўқувчи ўз жонига қасд қилди.

Шунингдек, кеча, 15 апрель куни Қаҳрамонмараш вилоятидаги ўрта мактабда содир бўлган отишма оқибатида 9 киши ҳалок бўлди. Ҳозирча бу воқеаларнинг бир-бирига алоқаси борлиги ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Қолаверса, Туркияда Ички ишлар вазирлиги кўрсатмаси билан мамлакатдаги мактабларда полиция томонидан назорат олиб борилиши белгиланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия мактаблар хавфсизлик чоралари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг