Лукашенко сайловларни сохталаштирганини “қатъиян” рад этди
Олам
−
20 Апрель 1782 2 дақиқа
Беларусь резиденти Александр Лукашенко сайловларни сохталаштириш ва мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олиш ҳақидаги айбловларга қатъиян қўшилмаслигини билдирди. Бу ҳақда у RT телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
“Сайловларни сохталаштирганим ва ҳокимиятни эгаллаб олганим ҳақидаги иддаоларга қатъиян қўшилмайман. Ҳозирги ижтимоий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, одамларнинг менга бўлган ишончи ҳатто охирги сайловлардан кейин ҳам сезиларли даражада ошган. Буни ҳеч ким, на бизнинг “қочоқлар”, на америкаликлар ва на европаликлар шубҳа остига олмаяпти.
Агар 85 ёки 87 фоиз ичида бир ярим-икки ёки ярим фоизлик қандайдир хатолик бўлган бўлса, мен бу ҳақда билмайман ҳам. Аммо сайловларни аниқ одамлар ўтказади. Мен шундай ўйлайманки, балки кимдир қаердадир ярим фоизга “ҳийла” ишлатгандир. Майли, 87 эмас, 85 эмас, 84 фоиз бўлсин – бу нимани ўзгартиради? Агар сайловлар ҳақида гапирадиган бўлсак, мен учун бу муҳим, чунки фоизлар ортида аниқ одамлар турибди”, дейди Лукашенко.
Лукашенконинг фикрича, америкаликлар у билан музокарага киришганининг сабаби – улар реал манзарани, мамлакатни аслида ким бошқараётганини ва “қочоқ мухолифат”нинг роли қандай эканини билади.
“Ҳа, сиз уларнинг кучга тўлишини, Беларусга қайтиб ҳокимиятни эгаллашини истайсиз. Аммо бу жуда шафқатсиз ва ўта манманлик билан қилинган хоҳиш. Бундай бўлмайди. Улар буни тушунишади. Шунинг учун улар бу ерда ҳақиқий кучга эга бўлган ҳокимият билан реал гаплашишмоқда”, дея қўшимча қилган у.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 26 январда Беларусда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Овоз беришдан сўнг Лукашенко янги муддатга ўз номзодини қўйишни истамаганини, бироқ парламент юқори палатаси раиси Наталья Кочанова уни номзодини қўйишга кўндирганини айтган эди. Кейинчалик Европа Иттифоқи Беларусдаги сайловларни эркин ва демократик деб ҳисобламаслигини маълум қилди. Шунингдек, 2020 йилдаги аввалги сайловларда натижалар эълон қилингач, Беларусда бир неча ой давом этган оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди.
Live
Барчаси