Туркия мактабларида оқаётган қон ёхуд ёшлар издан чиқди

Таҳлил

Сўнгги ойларда вояга етмаганлар иштирокидаги жиноятлар, мактаб ва университетларда зўравонлик, ҳатто қотиллик билан боғлиқ Туркияга оид хабарлар кетма-кет янграмоқда. Бу ҳодисалар энди алоҳида эпизод эмас, балки тизимли тенденцияга айланиб бораётгандек таассурот қолдиряпти. Илм маскани бўлган мактабларда ўз ўқитувчисини (устозини) ўлдирган ёшлар ҳақида ўқиб, бутун туркий оламга етакчилик қилишга даъво қилаётган давлатда ахлоқ ва қонун қай даражада қадрсизланиб қолгани тўғрисида саволлар пайдо бўлади.

Туркия давлати маъмурияти ҳам буни очиқ тан олиб, кескин чоралар кўришга мажбур бўлди. Хусусан, 13 апрелдан бошлаб мактабларнинг полиция томонидан қўриқланиши йўлга қўйилгани вазият қанчалик жиддийлашганининг яққол белгиси сифатида талқин қилиш мумкин.

Жиноятлар хроникаси

Туркия ёшлари орасида зўравонликнинг қай даражда авж олганини билиш учун йил бошидан буён бўлиб ўтган жиноятлар тарихига назар ташлаш етарли. 2026 йил Туркияда ёшлар жиноятчилиги оддий статистик кўрсаткич эмас, балки жамиятни хавотирга солаётган кетма-кет воқеалар занжирига айланди.

Йил бошидаёқ, Истанбулда 15 ёшли ўсмирнинг жанжал ортидан тенгдошини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабарлар Истанбулни ларзага солган эди. 14 январь куни Истанбулнинг Гунгўрен туманидаги кафеда бир гуруҳ ёшлар ўртасида оддийгина “буқа қараш” сабабли бошланган келишмовчилик бир зумда пичоқбозликка айланиб кетади. Натижада 17 ёшли Атлас Чағлаян исмли ўсмир йигит 15 ёшли Э.Ч томонидан ўлдирилади. Жароҳатланган йигит Бағжилар шифохонасига олиб кетилади, аммо тезкор муолажалар ҳам унга ёрдам бера олмади.

Асосий гумондор воқеадан кўп ўтмай ҳибсга олиниб, Каратепе вояга етмаганлар қамоқхонасига олиб кетилган. Бакиркўй Бош прокуратурасининг маълумотларига кўра, тергов доирасида олти киши ҳибсга олинган.
 

Чағлаяннинг ўлими Туркиядаги ўсмирлар жиноятининг биринчиси ҳам охиргиси ҳам эмас эди. Шу йилнинг 2 март куни Истанбул шаҳридаги Бўрса касб-ҳунар ва техника Анадўлу лицейида ўқитувчи Фотима Нур Челик ўз ўқувчиси томонидан пичоқланиб, ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар нафақат Туркияда, балки бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам жиддий муҳокамаларга сабаб бўлганди. Қайд этилишича, 17 ёшли ўқувчи Ф.С.Б. ўқитувчилар – 44 ёшли Фотима Нур Челик, 52 ёшли З.А. ва 15 ёшли ўқувчи S.K.гa пичоқ билан ҳужум қилган. Полиция ва тез тиббий ёрдам ходимлари ҳодиса ҳақида хабар етказилиши биланоқ воқеа жойига етиб борган. Жароҳат олган уч кишига эса, дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилиб, сўнг улар шифохонага олиб кетилган. Оғир жароҳат олган биология фани ўқитувчиси Фотима Нур шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Маълумотларга кўра, 17 ёшли Ф.С.Б. ҳодисадан икки кун олдин отаси томонидан Бакиркўй Мазҳар Усмон руҳий ҳасталиклар шифохонасидан чиқарилган бўлган. Шифохонадан чиққач, у мактаб дарс жадвалини текширган. Ўқувчи Фотима Нурнинг қайси вақтда қайси синфда бўлишини аниқлаб, ҳатто режа ҳам тузган. Эртаси куни эрталаб мактабга бориб, бевосита ўқитувчининг синфига бостириб кирган.

Жорий йилнинг 2 март куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 атрофида синфга кирган Ф.С.Б. биринчи бўлиб ўқитувчи Фотима Нурга, сўнг уни тўхтатишга ҳаракат қилган 15 ёшли ўқувчи С.К.га ҳам пичоқ билан ҳужум қилган. Пичоқбозликни тўхтатишга уринган бошқа бир ўқитувчи З.А. ҳам елкасидан жароҳат олган.

Эътиборли жиҳати шундаки, гумонланувчи 2025 йилда мактабда бошқа жанжалга аралашган, вафот этган ўқитувчи Фотима Нур эса, Интизом қўмитасининг йиғилишида ушбу ўқувчи ҳақида сўз очиб, “ҳаётимиз хавф остида”, дея огоҳлантирган.

Гумондор Ф.С.Б. эса, ўз кўрсатмасида севгилиси билан ажрашгани унинг руҳий ҳолатига таъсир қилганини айтган.

“Воқеадан икки кун олдин севгилимдан ажрашгандим. Шу сабаб мактабга психолог Шайда устоз билан гаплашиш учун бордим. Уни қидирдим, лекин топа олмадим. Тасодифан бир синфга кириб, кимни биринчи кўрган бўлсам, ўшанга ҳужум қилдим. Ўзимни назорат қила олмаётгандим. Тасодифан пичоқладим. Ёнимда доим пичоқ олиб юрардим. Бу фақат ўша кунга хос нарса эмас эди”, деган у.

Мазкур воқеадан сўнг Туркиянинг 81 вилоятида “Мактабда ўлмоқчи эмасмиз!”, “Ҳаёт хавфсизлиги йўқ”, “Зўравонлик тўхтатилсин!”, “Мактабларда хавфсизлик чоралари кучайтирилсин” шиорлар билан ўқитувчилар бир кунлик иш ташлаш ҳам ўтказган. Айрим норозилик намойишларида таълим вазирининг истеъфоси каби талаблар ҳам илгари сурилган.

Воқеа Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ҳам эътиборидан четда қолмади. У устозларга ҳурматсизлик қабул қилиб бўлмас ҳолат эканини айтди.

“Чекмекўйдаги лицейда содир бўлган ваҳшиёна ҳужум оқибатида вафот этган ўқитувчимизга Аллоҳдан чексиз раҳмат тилайман. Марҳум ўқитувчимизнинг оиласи ва яқинларига сабр, юртимизга буюк фидойилик билан хизмат қилган таълим жамоамизга эса, таъзия изҳор қиламан. Қўллари ўпиладиган (қўл ўпиш Туркияда ҳурматни ифодалайди) ўқитувчиларимизга нисбатан содир этилган бу ҳаракатни ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди. Зўравонликни қўя турайлик, ҳатто Ҳазрати Али (р.a.) айтган: “Менга бир ҳарфни ўргатган ўқитувчининг 40 йил қули бўламан”. Шундай устозларга ҳурматсизлик қилиш бизнинг эътиқодимиз ва маданиятимизда қабул қилиб бўлмас ҳолат. Бош прокуратурамиз ва Адлия вазирлигимиз маъмурий терговни бошлади. Бу воқеа бутун халқимизни чуқур қайғуга солди, ва биз буни қатъий назорат остига олиб, айбдорлар ўзларининг ҳақиқий жазосини олишлари учун барча зарур чораларни кўрамиз. Шу ҳужумда яраланган ўқитувчимиз ва ўқувчимизга ҳам Аллоҳдан шифо тилайман. Роббим ўқитувчимиз Фотима Нурнинг жойини жаннатда қилсин”, дейди Президент Эрдўған.

Ҳали апрель ойи ниҳоясига етмасданоқ Туркияда кетма-кет икки ўсмир жинояти қайд этилди. 14 апрель куни Туркиянинг Шонлиурфа вилояти Сиверек туманида жойлашган Кўюнжу касб-ҳунар ва техник Анадолу лицейида  қуролли ҳужум содир бўлди. Ҳужум оқибатида 18 киши жароҳатланган. Уларнинг орасида 12 нафар ўқувчи, 2 нафар ўқитувчи ва 2 нафар фуқаро бўлган.
Гувоҳлардан бири жиноятчи 17-18 ёш атрофидаги йигит бўлганини айтган.
“У 17–18 ёшлар атрофидаги бола эди. Асосий эшикдан кириши билан қўлида узун стволли қурол билан ўқ ота бошлади. Аввал ўнгга-чапга, кейин эса мактаб ичига қарата ўқ узди. Ичкарига кириб, олдидан чиққан ҳар кимга ўқ узди. Кейин ҳамма қичқириб, ҳар томонга қочишни бошлади”, дейди ҳодиса гувоҳларидан бири.
Маълумотларга кўра, жиноят содир этган йигит воқеа жойини тарк этгач ўз жонига қасд қилган. Шонлиурфа вилояти ҳокими Ҳасан Шилдак маълумотига кўра, у ўлик ҳолда топилган.

“Бу шахс лицейнинг собиқ ўқувчиси бўлиб, 9-синфгача ўқиган. Кейинчалик онлайн таълимга ўтган. У воқеа содир бўлганида лицей ичида полиция томонидан ўраб олинган ва у ерда ўз жонига қасд қилган”, дейди вилоят ҳокими.

Айни пайтда воқеа юзасидан тергов ишлари бошланган бўлиб, воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда.

Орадан бир кун ўтиб, яъни 15 апрель куни Туркиянинг Измир шаҳридаги Эге университетида талаба кампусдаги бошқа талабаларга узун тиғли ханжар билан ҳужум қилгани акс этган видеолар тарқалди. Қайд этилишича, жанжал икки гуруҳ талабалари орасида юз берган. Воқеа “Эге университети” метро бекатининг кириш қисмида содир бўлган. Талабалар касаба уюшмасига алоқадор бир гуруҳ ёшлар варақа тарқатаётган пайтда уларга қарши бошқа бир гуруҳ билан тортишув келиб чиққан. 

Ҳодиса оқибатида Б.Й. ва Й.А. исмли талабалар жароҳат олгани ва улар шифохонага етказилгани маълум қилинган. Ҳозирда уларнинг аҳволи яхши экани айтилмоқда. Ҳодиса ҳақида хабар берилгач, университетга полиция ходимлари етиб борган. Ҳолат юзасидан расмий тергов ишлари бошланган.

15 апрель куни Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳридаги Айсер Чалик ўрта мактабида ҳам отишма юз берди.  Оқибатда тўққиз киши ҳалок бўлган, улар орасида саккиз нафари ўқувчи ва бир нафар ўқитувчи бор. Маълумотларга кўра, 13 нафар жабрланувчи шифохонада қолмоқда. Улардан олти нафари жонлантириш бўлимида, уч нафари эса оғир аҳволда қолмоқда.

Олинган дастлабки маълумотларга кўра, ўқ узган шахс 8-синф ўқувчиси бўлган ва ёнида бешта тўппонча борлиги аниқланган. У аввал мактаб ҳовлисида ҳавога ўқ узган, сўнгра мактаб ичига кириб, ўқ узишда давом этган. Ҳужумдан сўнг у ҳам ўз жонига қасд қилган.

Туркиянинг “Yeni Şafak” ахборот агентлигининг хабар беришича, жиноят содир этган шахснинг полициячи отаси Уғур Мерсинли ўғлини икки ой давомида психолог кўригига олиб борган ва мутахассис болада руҳий муаммолар борлигини таъкидлаган. Отасининг айтишича, ўғлининг қуролга қизиқиши ошганини сезганидан сўнг, унга қурол ишлатиш техникасини ўргатгани ва агар у мактабда яхши ўқиса, келажакда унга қурол сотиб олишга ваъда берган.                          

Бундай ўхшаш сценарийларнинг такрорланиши Туркия жамиятини хавотирга солмоқда. Тўкат вилоятининг Никсар шаҳрида 11-синф ўқувчисининг “Навбат Аҳмад Олтикулач лицейига” мазмунида тарқатган хабаридан сўнг, Терроризмга қарши кураш бўлими ўқувчини гумондор сифатида қамоққа олди.

Шу каби ҳолат Зонгулдак вилоятида ҳам содир этилган бўлиб, Фенер Анадолу ўрта мактабида ўқиётган 17 ёшли Б.Т.А. исмли шахс WhatsApp гуруҳида ўз мактабига ҳужум қилиши ҳақида таҳдидли хабарлар юборган. Бу постлар ўқувчилар ва ота-оналарни хавотирга солди. Зонгулдак прокуратурасининг кўрсатмаларига биноан, полиция гуруҳи Б.Т.А.нинг уйида рейд уюштирган ва тинтув давомида ўсмирнинг хонасидан 6 та бўш тўппонча (холостой) ўқи топилди. Б.Т.А. Болалар бўлими бошқармаси гуруҳи томонидан ҳибсга олинди. 

Қаторасига содир этилган бундай жиноятлардан сўнг, Туркияда Ички ишлар вазирлиги кўрсатмаси билан мамлакатдаги мактабларда полиция томонидан назорат олиб борилиши белгиланди.

Туркиянинг “Yeni Şafak” манбасига кўра, Қаҳрамонмарашдаги мактабга қилинган ҳужум фонида зўравонликни тарғиб қилувчи провокатив Телеграм гуруҳларни аниқлаш юзасидан текширув бошланган. Мазкур текширувлар натижасида Исроил байроғи остида ташкил этилган ва 100 минг фаол аъзога эга бўлган “С31К” номли Телеграм гуруҳ аниқланган. Ундаги суҳбатларда отишма содир этган шахслар, янги ҳужумлар учун жой борлиги ва сана ҳам белгилангани маълум бўлган. Шундан сўнг, 940 та Телеграм аккаунтга чеклов қўйилган, 93 та Телеграм гуруҳ ёпилган ва 83 нафар гумонланувчига нисбатан ҳибсга олиш қарори чиқарилган.

Туркиядаги “тренд” сабаблари

Туркияда ёшлар жиноятчилигининг кескинлашуви алоҳида ҳодисалар йиғиндиси эмас, балки жамиятнинг турли қатламларида содир бўлаётган чуқур ўзгаришларнинг натижасидир. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу жараённи тушуниш учун фақат жиноят фактларига эмас, балки уни юзага келтираётган ижтимоий муҳит, медиа таъсири, иқтисодий босим ва хавфли омилларнинг кесишган нуқтасига қараш керак.

Аввало, ижтимоий муҳитдаги емирилиш асосий сабаб сифатида кўрсатилади. Туркияда оила тузилмасининг ўзгариши, ажримлар сонининг ортиши ва анъанавий қадриятларнинг заифлашуви ёшлар хулқ-атворига бевосита таъсир қилмоқда. Тадқиқотларга кўра, интернет ва ижтимоий тармоқларнинг кенг тарқалиши ижтимоий алоқаларни заифлаштириб, ёшлар орасида ёлғизлик ва бегоналашувни кучайтиради. Бу эса назорат ва ижтимоий “фильтрлар”нинг йўқолишига олиб келади. Натижада, бола жиноятни жамиятга қарши оғиш эмас, балки ўзини намоён қилиш воситаси сифатида қабул қила бошлайди.

Иккинчи муҳим омил — медиа ва рақамли муҳитнинг агрессивлашуви. Тадқиқотлар оммавий ахборот воситалари ва айниқса ижтимоий тармоқлар нафақат ахборот берувчи, балки хулқ шакллантирувчи кучга айланганини кўрсатади.

Туркия Радио ва телевидение кенгаши (РТÜК) аъзоси Илҳан Ташчи Туркия телеканалларида деярли ҳар куни мафия мавзусидаги ва зўравонлик саҳналари бўлган сериаллар намойиш этилаётганини айтган.

“Бундай саҳналар айниқса болалар ва ўсмирлар учун хавфли. Қурол ва жиноят саҳналарини мунтазам томоша қилиш ёшларнинг бундай қаҳрамонларга тақлид қилишига олиб келиши мумкин”, дейди Ташчи.

У шунингдек, сериалларда жиноятчиларни оқлаш ва ҳатто уларни қаҳрамон даражасига кўтариш ҳолатлари тез-тез учраётгани жамият учун жиддий хавф туғдиришини айтиб ўтди.

Ҳатто Ўзбекистонда ҳам маълум ва машҳур бўлган турк сериалларидаги зўравонлик саҳналари, криминал «қаҳрамонлар» ва тез бойиш ғоялари ёшлар онгида буни нормал ҳолат сифатида шакллантирмоқда. Бундан ҳам хавфлиси — ижтимоий тармоқларда машҳурлик ортидан қувиш, танилиш учун агрессия қилиш тенденцияси пайдо бўлмоқда. Яъни, жиноятни энди яширишмаяпти, балки баъзан намойишкорона амалга ошириш “мода” бўляпти.

Учинчи сабаб — иқтисодий босим ва ижтимоий тенгсизлик. Туркияда сўнгги йиллардаги иқтисодий қийинчиликлар, инфляция ва ёшлар орасидаги ишсизлик даражаси ижтимоий стрессни кескин оширди. Тадқиқотлар жиноят кўпинча ижтимоий муҳит билан боғлиқ эканини, айниқса таълим, иш ва ижтимоий имкониятлар чекланган ҳудудларда хавф юқори бўлишини кўрсатади. Капитализм ва бозор иқтисодиёти Туркия жамиятида иқтисодий тенгсизликни кучайтираётган омил бўлиб кўринмоқда. Бундай шароитда жиноят айрим ёшлар учун тез пул топиш ёки ижтимоий статусга эришиш воситасига айланади. Бу эса, “жиноят иқтисодиёти”ни ёшлар онгида “легитимлаштиради”.

Тўртинчи омил — тенгдошлар ва ташқи таъсирнинг кучайиши. Туркияда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ёшлар хулқи кўп жиҳатдан атрофидаги доира орқали шаклланади. Агар бола жиноятни нормал деб биладиган гуруҳда бўлса, уни ҳам шу йўлга кириш эҳтимоли юқори. Бу эса жиноятчиликнинг “юқумли” хусусиятга эга эканини англатади. Айниқса, шаҳар периферияларида ва ижтимоий назорат суст ҳудудларда бу жараён тезлашяпти.

Бешинчи, энг хавотирли омиллардан бири — қурол ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ омиллар. Расмий жиҳатдан Туркияда қурол эркинлиги чекланган бўлсада, ноқонуний қуролларнинг айланиши ёшлар орасида зўравонлик даражасини кескин оширмоқда. Жиноят шаклининг оддий муштлашувдан пичоқлаш ва отишмага ўтиши айнан шу билан боғлиқ. Юқорида келтирилгани каби отасининг тўппончасини ўғирлаш ҳолатлари ҳам бугун Туркияда тез-тез учровчи ҳолатга айланиб қоляпти. Шу билан бирга, гиёҳванд моддалар савдосининг кенгайиши ёшларни нафақат истеъмолчи, балки тарқатиш занжирининг бир қисмига айлантирмоқда.

Энг муҳим ва танқидий нуқта эса — давлат сиёсатининг етарли эмаслиги. Истанбул университети тадқиқотига кўра, Туркияда вояга етмаганлар жиноятчилигига қарши кураш асосан жазога асосланган бўлиб, ижтимоий илдизларга етарлича эътибор қаратилмайди. Бу эса, муаммони ҳал қилиш ўрнига уни қайта ишлаб чиқаради. Яъни тизим болани жиноятдан сақламайди, балки жиноят содир этгач жазолайди.

“С31К” телеграм гуруҳи каби Исроил билан алоқадор жиноий тармоқларнинг аниқланиши – муаммо фақатгина ичкаридаги муҳит билан алоқадор эмаслигини кўрсатади. Гарчи расмий манбаларда бундай гуруҳларнинг Исроил билан қандай алоқадорлиги ҳақида аниқ маълумотлар очиқланмаган бўлсада, Яқин Шарқда гегемонликка даъвогар Исроилнинг Туркия билан рақобати табиий.

Хулоса шуки, Туркияда ёшлар жиноятчилигининг ўсиши — бу биргина сабаб билан изоҳланадиган ҳодиса эмас. Бу ижтимоий муҳитнинг емирилиши, медиа босими, иқтисодий танглик ва хавфли ташқи омилларнинг бирлашган натижасидир. Агар бу муаммога фақат хавфсизлик чораларини кучайтириш орқали жавоб берилса, у ҳолда бугунги жиноятлар эртанги куннинг оддий статистикаси бўлиб қолаверади.

Нималар қилинмоқда?

Туркияда ёшлар жиноятчилигининг кескин ошиши ортидан расмийлар ниҳоят муаммони инкор этиш босқичидан чиқиб, тизимли чоралар кўришга ўтмоқда. Аммо бу чоралар қанчалик самарали — бу ҳали очиқ савол бўлиб қолмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакат парламенти даражасида махсус комиссия тузилиб, болаларни жиноятга “тортаётган” омилларни чуқур ўрганиш бошланди. Бу комиссия нафақат жиноят фактларини, балки унинг илдизларини аниқлаш ва профилактик сиёсат ишлаб чиқиш билан шуғулланмоқда.

Вояга етмаганлар жинояти сабабларини ўрганиш учун тузилган парламент қўмитаси шу йилнинг 4 март куни навбатдаги йиғилишни ўтказди. Айнан шу йиғилишда қўмита фаолиятини яна бир ойга узайтириш қарори қабул қилинди. Қўмита аъзолари йиғилишда вояга етмаганларни жиноятга олиб кираётган асосий омилларни аниқлаш, яъни ижтимоий муҳит, оилавий шароит, таълим тизими ва жиноят гуруҳларининг таъсирини комплекс ўрганишга урғу берди.

Расмий риторикада муҳим ўзгариш сезилади: энди гап фақат жазолаш ҳақида эмас, балки олдини олиш ва реабилитация ҳақида ҳам кетмоқда. Ҳукумат вакиллари болаларни жиноятга олиб борадиган муҳитдан узоқлаштириш, жиноят содир этганларни эса жамиятга қайта интеграция қилиш зарурлигини таъкидламоқда.

Шу билан бирга, амалий чоралар икки йўналишда олиб борилмоқда. Биринчиси — жазони кучайтириш. Янги қонунчилик ташаббуслари вояга етмаганлар учун бериладиган енгилликларни қисқартириш, айниқса 15–18 ёш оралиғидаги жиноятчилар учун жазо чораларини қатъийлаштиришни назарда тутади. Расмийлар бу орқали жиноятчиликка қарши “тўсқинлик эффекти”ни кучайтиришни мақсад қилмоқда. Бироқ танқидчилар бу ёндашув муаммонинг илдизига эмас, фақат оқибатига зарба бераётганини таъкидлайди.

“Ечим – жазо муддатини ошириш ёки янги қамоқхоналар қуриш эмас. Бизга самарали ҳимоя чоралари, турли вазирликлар ўртасида яхши синхронлаштирилган рақамли маълумотлар тизими ва болаларни яхшироқ текшириш ва мониторинг қилиш керак. Бизга болаларни жиноятчилик доирасидан қутқарадиган самарали реабилитация керак”, деди "Янги йўл" сиёсий партияси депутати Элиф Эсен.

Иккинчи йўналиш — ижтимоий ва профилактик сиёсатни кучайтириш. Ҳукумат янги дастурлар орқали оилаларни қўллаб-қувватлаш, мактабларда психологик хизматларни кенгайтириш ва ёшларни ижтимоий ҳаётга жалб қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, парламент комиссияси таълим тизими, маҳаллий ҳокимият ва ижтимоий хизматлар ўртасида координацияни кучайтиришни таклиф қилмоқда. Бу эса жиноят содир бўлишидан олдин аралашув механизмларини яратишга уриниш сифатида кўрилмоқда.

Алоҳида эътибор қаратилаётган йўналишлардан бири — рақамли муҳит назорати. Туркияда ижтимоий тармоқларнинг ёшлар хулқига таъсири ортиб бораётгани сабабли, ҳукумат уларни тартибга солишга киришди. Масалан, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ёшини 15 га кўтариш ва фойдаланувчиларни мажбурий идентификациядан ўтказиш каби ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бу чоралар онлайн зўравонлик ва криминал контент таъсирини камайтиришга қаратилган.

Бироқ умумий манзара шуни кўрсатадики, Туркияда олиб борилаётган сиёсат ҳануз икки қарама-қарши йўл орасида қолиб кетган: бир томонда жазони кучайтириш, иккинчи томонда эса ижтимоий илдизларни бартараф этишга уриниш. Расмийлар “профилактика” ҳақида гапираётган бўлсада, амалиётда жазога асосланган ёндашув ҳануз устун.

Натижада, бугунги чоралар муаммони тўлиқ ҳал қиладими ёки фақат вақтинча босадими — бу ҳали номаълум. Аммо аниқ бир ҳақиқат бор: агар сиёсат ҳақиқатан ҳам болани жиноятдан ҳимоя қилишга эмас, балки жиноятдан кейин жазолашга қаратилса, унда бу кураш узоқ давом этадиган циклга айланиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Атлас Чағлаян Каратепе Бўрса

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг