Молдованинг МДҲдан чиқиш санаси маълум бўлди

Олам

image

Молдова Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Михай Попшой мамлакат 2027 йил 8 апрелда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) таркибидан расман чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда “Moldpres” хабар берди.

Попшойнинг тушунтиришича, ташкилотнинг Минскдаги котибиятига расмий билдиришнома юборилган ва халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, ушбу ҳужжат топширилгандан кейин 12 ой ўтгач, яъни келаси йилнинг 8 апрелида Молдованинг аъзолиги юридик жиҳатдан тўхтайди.

“Биз ушбу билдиришнома қабул қилинганлиги ҳақида тасдиқнома олдик. Шундай қилиб, юридик нуқтаи назардан, 12 ойлик муддат тугагач, келаси йилнинг 8 апрелидан бошлаб биз МДҲ таркибига кирмаймиз. Аммо амалий жиҳатдан биз аллақачон ташкилот таркибида эмасмиз, чунки кўп йиллардан бери Молдова манфаатларига жавоб бермайдиган сиёсий ва бошқа тадбирларда иштирок этмаяпмиз”, дейди вазир.

Шу билан бирга, Молдова Бош вазири ўринбосари мамлакат қатор иқтисодий келишувларда иштирокчи бўлиб қолишини таъкидлаган.

“Бу борада Грузия тажрибаси намуна бўла олади. Улар ҳам биз каби асосий шартномаларни бекор қилишган, лекин иқтисодий келишувларда қолишган. Биз ҳам худди шундай йўл тутамиз”, дея қўшимча қилган Михай Попшой.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Молдовада МДҲга аъзолик бўйича асосий шартномаларни денонсация қилиш (бекор қилиш) тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинган эди. Попшойнинг таъкидлашича, бу қадам мамлакатнинг ташкилотдан чиқиш жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан якунлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Молдова Михай Попшой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг