Қозоғистонда нефть қазиб олиш пасайиб кетди
Олам
−
14 Апрель 2731 2 дақиқа
Қозоғистонда 2026 йилнинг биринчи чорагида нефть қазиб олиш режалаштирилган ҳажмдан қарийб 20 фоизга кам бўлди. Бу ҳақда мамлакат Энергетика вазири Ерлан Аккенженов ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳисобот даврида нефть ва газ конденсати қазиб олиш ҳажми 19,7 миллион тоннани ташкил этган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 80,2 фоизни ташкил қилади. Ҳозирда йирик ер ости бойликлари фойдаланувчилари билан қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Шу даврда нефть экспорти 15,3 миллион тоннани ташкил этиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 78,5 фоизга тенг бўлган. Умуман олганда, 2026 йил якунига қадар 76 миллион тонна нефть экспорт қилиш режалаштирилган.
Нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми эса 3,67 миллион тоннани ташкил этиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли ўзгармаган – 98,9 фоиз даражасида қолган. Йил якуни бўйича бу кўрсаткични 15,49 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, мамлакатда қуввати 10 миллион тонна бўлган янги нефтни қайта ишлаш заводини қуриш лойиҳаси жадаллаштирилмоқда. Бундан ташқари, Павлодар нефть-кимё заводи қувватини 5,5 миллион тоннадан 9 миллион тоннагача, Чимкент нефтни қайта ишлаш заводини 6 миллиондан 12 миллион тоннагача ҳамда Атйрау нефтни қайта ишлаш заводини 5,5 миллиондан 6,7 миллион тоннагача кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жанубий Корея Қозоғистон билан йирик нефть етказиб бериш бўйича келишув тузиш арафасида тургани ҳақида хабар берилганди. Жанубий Корея Саноат вазири Ким Чжонг-кваннинг айтишича, келишув бўйича аниқ ҳажм ва логистика масалалари келаси ҳафта бошида эълон қилиниши кутилмоқда.
Live
Барчаси