“Uzbekistan Airports” варрак учираётганларга огоҳлантириш билан чиқди (видео)
Жамият
−
10 Апрель 7262 1 дақиқа
Аэропортлар яқинида варрак учириш парвозлар хавфсизлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” огоҳлантириш билан чиқди.
Қайд этилишича, варраклар баландга кўтарилиши ва самолётларнинг учиш ва қўниш йўлларига тушиб қолиши мумкин. Бу самолёт билан тўқнашиш, техникага шикаст етиши ва фавқулодда ҳолатлар юзага келиши хавфини туғдиради. Бундан ташқари, мустаҳкам ёки кучайтирилган иплар ҳаво кемалари ускуналарига зарар етказиши ёки двигателларга тушиб қолиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 17-моддасига мувофиқ, парвозлар хавфсизлигига таҳдид соладиган фаолият турларига аэропорт ва унинг олдидаги ҳудудларда варрак учириш ҳам киради. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 116-2-моддасига кўра, ҳаво ҳудудидан рухсатсиз фойдаланиш БҲМнинг 20 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга қамоққа олишга сабаб бўлади.
“Авиация ҳодисаси ёки фалокат юз берганда эса оддий шўхлик жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин”, дейилади хабарда.
Пойтахт аҳолиси ва меҳмонларидан ўрнатилган чекловларга тушуниш билан қараш ҳамда варрак учириш учун аэропортдан узоқроқ бўлган хавфсиз жойларни танлаш сўралади.
Live
Барчаси