Андижон ҳокимининг ўринбосари 50 минг доллар пора билан қўлга тушди

3-саҳифа

image

Андижон вилояти ҳокимининг тўрт ой аввал тайинланган ўринбосари Исомиддин Исманов ўз уйида 50 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда қўлга олинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди. 

Қайд этилишича, 4 апрель куни ўтказилган тезкор тадбирида Андижон вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар бўйича ўринбосари фуқаро С.Р.Т. дан кимёвий ишлов берилган 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини Андижон шаҳар “Далварзин” МФЙ, Фаровон кўчасидаги ўзининг яшаш уйида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 5 апрель куни Исмановга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. 

Исманов ўтган йилнинг 9 декабрда ўз лавозимига тайинланган, яъни ишга ўтганига ҳали 4 ой ҳам бўлмаган.

Маълумот учун, Исомиддин Исманов 1981 йилда Андижон туманида туғилган. 2006 йилда Ички ишлар вазирлигининг Тошкент олий ҳарбий техника билим юртини тамомлаган. У 2022–2025 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, 2025 йил май ойидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тезкор-қидирув департаменти, тезкор вазиятни таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб, 2025 йил декабрь ойида кадрларнинг амалдаги захирасига ўтказилиб, Андижон вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси 1500 АҚШ доллари пора олаётганда қўлга тушганди.


Мақола муаллифи

Теглар

пора Андижон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг