Ҳусийлар урушга қўшилди. Гуруҳ Исроилга ҳужум қилди

Олам

image

Бугун, 28 март куни Эрон қўллаб-қувватлайдиган яманлик ҳусийлар баллистик ракеталар ёрдамида Исроил объектларига ҳужум қилди. Бу ҳақда ҳусийлар вакили, бригада генерали Яҳё Сариа маълум қилди.

Бу АҚШ февраль ойи охирида Эрон билан уруш бошлаганидан бери гуруҳ томонидан йўлланган илк зарбалардир.

“Зарбалар аввалги баёнотда айтилган мақсадларга эришилмагунча ва қаршилик кўрсатиш фронтларига нисбатан тажовуз тўхтамагунча давом этади”, дейди Сариа.

Бундан аввал, 27 март куни генерал яманлик ҳусийларнинг Исроил билан урушга киришга тайёрлигини таъкидлаган. 

“Биз тўғридан тўғри ҳарбий аралашувга тайёрлигимизни тасдиқлаймиз”, деган у.

Шунингдек, генерал агар Эронга қарши курашда АҚШ ва Исроилга янги иттифоқчилар қўшилса ёки Қизил денгиз Эронга қарши “душманона амалиётлар” учун ишлатилса, ҳусийлар ҳарбий ҳаракатларни бошлашини қўшимча қилган.

Яҳё Сарианинг сўзларига кўра, ҳусийлар бугун, 28 март куни Исроил жанубидаги ҳарбий объектларга зарбалар берган.

Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) ўзининг Telegram-каналида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Ямандан отилган ракеталарни тутиб олаётганини маълум қилган. 

“ЦАХАЛ Ямандан Исроил ҳудудига ракета учирилганини қайд этди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари тутиб олиш режимида ишламоқда”, дейилади баёнотда.

Маълумот учун, яманлик ҳусийлар – расман “Ансоруллоҳ” деб аталувчи Яман Республикасидаги диний-сиёсий ҳаракатнинг қуролли тузилмаларидир. Ҳусийлар Эрон томонидан норасмий равишда қўллаб-қувватланади ва Теҳрондан қурол-яроғ олади. Эрон Яманни Саудия Арабистонига қарши прокси-уруш майдони сифатида ишлатади, бу эса Теҳронга тўғридан тўғри аралашмасдан туриб Ар-Риёдга босим ўтказиш имконини беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил Ҳусийлар Яҳё Сариа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг