Қўшиқчиларга солиқ, сохта аёллар шантажи — Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Ёвуз, қонхўр, ваҳший, йиртқич, шафқатсиз, золим... Сиз буларни шунчаки ўқияпсиз. Аммо ҳар куни минглаб бегуноҳ жонлар бу сўзларнинг маъносини ўз танасида ҳис қилади. Улар орасида гапира олмайдиганлари, йиғлолмайдиганлари, ёрдам сўрай олмайдиганлари бор. Бугун инсониятга отилаётган маломат тошлари булар! Қаҳрлилар кўпайди, шафқатсизлик уятли бўлмай қолди. Кучлилар турли мақомларда ўзидан ожизроқ ҳолда турганлар билан ҳисоблашмаяпти. Шахслар эмас, ҳатто давлатлар мисолида буни кўряпмиз. Бу маломатлар ҳавога отилаётгани йўқ. Уларнинг аниқ манзиллари бор. Бири онгсиз ҳайвонларни ўлдирган онглилар(!) ишлаган меҳмонхонага тушса, бошқаси эркак томонидан аёлининг устига бостириб ҳайдалган “Tracker”га тегади. Инсонийлик имтиҳонидан йиқилганлар афсуски яна муҳокама марказида! “Qalampir.uz”да ҳафта таҳлили. 

Ҳафта давомида бир нечта оғир, ҳамма ҳам охиригача кўра олмайдиган, ваҳшийлик иси анқиб турган видеолар ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди. Уларнинг бири ҳайвонлар ҳақида. Мушукларни қийнаб ўлдирган шахслар кўпчиликнинг нафратига учради. Кузатув камераларидан ёзиб олинган видеода икки шахс алоҳида вазиятларда жониворларни тепиб, эзғилаб, бошларини янчишга уриниб, ҳатто ов қуроли билан отиб ташлагани акс этган. 

Видеода иккита яратилиғнинг ишини мириқиб, кулиб видеога олиб, томоша қилишганини англаш мумкин. Агар бу ишни қилганлар бошқа одамлар бўлса, уларни ҳам қотиллик қилганлардан фарқи йўқ! Тарқалган яна бир видеода эса мушукка тузоқ қўйиб, уни осилиб ўлишига сабаб бўлган кимса бу ишини мақтаниб чиққан.

Видео муҳокамаларга сабаб бўлгач, расмий муносабат билдирилди. Тошкент вилояти Ички ишлар органлари томонидан ўтказилган мониторинг ва дастлабки суриштирувлар давомида ушбу воқеа 2025 йилнинг декабрь ойида Бўстонлиқ тумани “Янгиқўрғон” маҳалласида жойлашган меҳмонхоналардан бирида содир бўлгани аниқланган. Шу йил ҳамда ўтган давр мобайнида ички ишлар органларига мазкур ҳолат юзасидан мурожаатлар келиб тушмаган. 

Вазият тузоқ қўйишгача борганидан ва меҳмонхона ходимларининг бу даражадаги агрессиясидан мушуклар бинодаги гўштними ёки бошқа бирон нарсаними еб қўйган, ёки шунга ўхшаш вазият юзага келган деб тахмин қилиш мумкин. Ҳатто, изоҳларда ҳам “бекордан бекорга ўлдирмайди” деб ҳайвон қотилларини оқлашга уринганлар бор! Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам жонли мавжудотни бу даражада ваҳшийларча ўлдирилиши оқланадиган ҳаракат эмас. Тушуниш керак, шафқатсизликда чегара бўлмайди. У фақат шаклини ўзгартиради, холос.

Психологик нуқтаи назардан, ҳимоясиз жонзотга нисбатан куч ишлатиш – бу шахснинг агрессияни жиловлай олмаслиги ва ўзидан ожизроқ бўлган ҳар қандай объектга нисбатан хавф туғдириши мумкинлигидан далолат беради. Бугун мушукни қийнаган қўллар, эртага жамиятнинг бошқа аъзоларига – аёлларга, болаларга нисбатан ҳам худди шу принципда ҳаракатланиши илмий исботланган факт. Биз ушбу ҳолатни шунчаки ҳайвон ҳуқуқлари эмас, балки жамиятнинг умумий хавфсизлиги ва ахлоқий иммунитети нуқтаи назаридан таҳлил қилишимиз шарт. Чунки зўравонлик жазосиз қолган ёки эътиборсиз қолдирилган жойда инсонийлик тушунчаси ўз қийматини йўқотади. Шу ўринда Лев Толстойнинг бир гапини эслатиш мумкин: “Ҳайвонларни ўлдиришдан одамларни ўлдиришгача бўлган масофа бор-йўғи бир қадамдир”.

Берилган маълумотга кўра, мушукларни ўлдирганларнинг бири 33, қурол ишлатгани эса 30 ёшда. Суд қарори билан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани учун улардан бири 15 суткага, қуролнинг қонунга хилоф муомаласи учун иккинчиси 10 суткага қамалган. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда турли блогер ва фаоллар бу жазо кам эканлигини айтиб, чораларни кучайтиришни сўраб мурожаатлар билан чиқди.

Кенг жамоатчилик ҳайвонларга қилинган ноинсоний муносабатни қоралаётган бир пайтда Тошкентда куппа-кундуз куни эркак “Tracker” русумли машинасини собиқ турмуш ўртоғи ва унинг танишлари устига қасддан бостириб ҳайдади.

26 март куни содир бўлган ҳолатда машинани 27 ёшли эркак бошқарган. Тарқалган видеоларда икки киши жиддий жароҳат олгани кўринади. Ҳатто, улардан бири ҳушини йўқотиб, қалтироқ тутган ҳолда ётгани акс этган. Расмий маълумотга кўра, икки киши енгил жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Орадан бир оз вақт ўтгач эса “танганинг иккинчи томони бор”, дея яна бир видео тарқатилди. Унда одамлар устига машинасини ҳайдаб борган шахс бу ишни қилишидан бир оз аввал турмуш ўртоғининг таниши томонидан калтаклангани, одамлар уларни ажратиб қолгани урғуланган.

Вазият юзасидан олиб борилган суриштирувларда эса, эркак турмуш ўртоғи билан ажрашгани, шундан сўнг аёл дугонасининг ишхонасига ходим бўлиб жойлашгани, бундан эркакнинг жаҳли чиқиб, “болаларимни менга кўрсатмаяпти”, деган важ билан жанжал қилавергани, “хотинимни ишдан бўшатасан”, деб собиқ аёлининг раҳбарига қўнғироқ қилиб уни ҳақорат қилгани каби маълумотлар очиқланган. Вазият чигаллашгач, раҳбар аёлнинг эри ҳам зиддиятга аралашган. Айнан у “Tracker” ҳайдовчисини тортишув сабаб калтаклаган. Ҳозирда эса ҳайдовчи ҳам шифохонада экани айтилди.

Бир оиладаги шахсий адоват деб баҳоланаётган “Tracker” воқеаси аслида жамиятдаги бошқарилмайдиган агрессиянинг бир кўриниши эди. Аммо масъулиятсизлик ва ўзганинг ҳаётига беписандлик фақат қаҳрли эркаклар билан чекланиб қолмаяпти. Бу иллат энди вояга етмаганлар, ҳали ҳаётнинг масъулиятини ҳис қилиб улгурмаган ўсмирлар қонига ҳам сингмоқда. Навбатдаги манзил Самарқанд вилоятининг Ургут тумани.

22 март куни “Чорчинор” маҳалласида 11-синф ўқувчиси ота-онасининг рухсатисиз “Gentra” рулига ўтирган, инстаграмдаги аҳмоқона фикр эгаларидан руҳланиб тезликни оширган ва оқибатда 5 ёшли қизчани уриб юборган.

Бу ерда “даҳшат” деб таърифлаш мумкин бўлган яна бир жиҳат бор. Ўша ўсмир қизчани уриб юборгач, унга ёрдам бериш, қилмишига иқрор бўлиш ўрнига, воқеа жойидан қочиб кетган. 17-18 ёшли йигитнинг онгида “ёрдам бериш” эмас, “яшириниш” инстинкти ғолиб келган. Савол туғилади: 30 ёшли эркаклар ҳайвонларни завқ учун ўлдираётган, 27 ёшли оталар аёли устига машина ҳайдаётган жамиятда 11-синф боласидан қандай мардликни кутиш мумкин ўзи? Тўғри, фақат 10-15 та одамни деб салкам 40 миллионлик жамиятга баҳо бериш ҳам адолатли фикр эмас. Аммо фожиалар даражаси ва сабаблари жуда ўзгариб бораётгани ҳам рад қилиб бўлмас ҳақиқат. Бугун ўша ҳайдовчи топилган, машина жарима майдончасида, жазо қўллаш бўйича ўрганиш олиб бориляпти, қизчанинг аҳволи қониқарли, дейиляпти. Аммо жамиятнинг маънавий аҳволи қониқарлими? Ота-онанинг эътиборсизлиги, ўсмирнинг масъулиятсизлиги ва қонунни менсимаслик бирлашган нуқтада биз яна ўша “инсонийлик имтиҳони”дан йиқилмадикми?

Шу дақиқагача биз кўрсатган бу учта воқеа – Бўстонлиқдаги мушуклар қотили, Тошкентдаги “Tracker” ҳужуми ва Ургутдаги қочоқ ўқувчи – аслида бир занжирнинг ҳалқалари. Ечим учун қонунлар кучайтирилиши мумкин, лекин одамларнинг қалби қайтадан уйғонмас экан, бу каби аччиқ гаплар, мудҳиш воқеалар ва салбий вазият таҳлиллари давом этаверади. Ҳурматли ота-оналар, сиз эркалатиб, “ҳа энди мени давримда миниб қолсин” деб “права”сиз бўлса ҳам қўлига калит бераётган болангиз бола-ку, бошқанинг фарзанди, жабрланаётганлар қўзиқоринми? Хулоса қилишингиз учун яна нечта ўлим кузатилиши керак?

Фожиалар ва муаммолар рўйхати шу билан тугаса эди... Аммо жамиятимизда яна бир оғир “касаллик” бўй кўрсатяпти. Бу – бировнинг дарди, оилавий можароси ёки ҳатто, бахтсиз ҳодисаси устидан “хайп” қилиш, асоссиз шов-шув кўтариш иштиёқидир. Ахборот тезлиги ҳақиқатдан ўзиб кетаётган замонда, “биринчи бўлиб тарқатиш” истаги инсонийлик ва холислик тамойилларини четга суриб қўйяпти.
Исбот Навоий вилоятидаги вазият мисолида кузатилди. Эр-хотин жанжалини нотўғри талқин қилиб, аёлни “ўлди”га чиқарган блогер жаримага тортилди.

18 март куни содир бўлган бу воқеа аслида оилавий келишмовчилик бўлган. Аёл ўз хоҳиши билан машинадан тушиб қолган, ҳеч қандай суиқасд ёки қасддан жароҳат етказиш ҳолати бўлмагани айтилди. Аммо аёлнинг бу ҳолатда югуриб қочиши ҳар қандай одамда салбий хулоса пайдо қилиши ҳам ҳақиқат, буни ҳам айтиб ўтиш керак. Лекин “лайк” ва “томоша қилишлар сони ортиши” илинжидаги блогер вазиятни аниқлаштирмай, жамоатчилик орасида асоссиз миш-мишларга сабаб бўлган видеони тарқатган, бир оиланинг шахсий ҳаётини бутун мамлакат муҳокамасига ташлаган.

Суд қарори билан ёлғон ахборот тарқатган блогерга БҲМнинг 50 баравари миқдорида, яъни салкам 19 миллион сўм жарима белгиланди. Жамоат тартибини бузган эр-хотин ҳам жазосиз қолмади. Уларнинг бўйнига 1 млн 236 минг сўм илинди.

Кўряпсизми, биз юқорида тилга олган вазиятларнинг ҳаммаси жамиятдаги тартибсизликнинг кўринишлари эди. Блогер эса бу тартибсизликдан “шоу” ясамоқчи бўлди. Бировнинг айби ё ҳолати билан омманинг эътиборини ўзига қаратиш – бу ҳам ўша биз айтаётган шафқатсизликнинг бир кўриниши аслида! Бирида жисмоний жароҳат бўлса, иккинчисида маънавий зарба, ахборот орқали қилинаётган зулм бор. Аммо иккинчи тарафдан “кўчада жанжаллашаётган, тортишаётганлардан узоқроқ бўлишим, бунақа ишларга аралашмаслигим, ўзимга балони сотиб олмаслигим керак экан-да” деган фикр ҳам шаклланмаслиги керак. Инсонийлик бефарқ бўлмаганлар билан тирик. Шунчаки вазиятни аниқлаш, керак бўлса ёрдам бериш, аммо одамларни чалғитмаслик керак!

Баъзилар учун ижтимоий тармоқлар нафақат хайп манбаи, балки ҳақиқий жиноят қуролига айланиб улгурган. Тошкентнинг Чилонзор туманида аниқланган гуруҳ ўзларини интим хизматларни таклиф қилувчи аёл сифатида таништириб, турли ёшдаги эркаклардан пул талаб қилгани аниқланди.

Кўз олдингизга келтиринг. 2005 йилдан 2008 йилгача туғилган, ҳали ҳаётнинг остонасида турган беш нафар йигит. Улар телеграм орқали ўзларини аёл сифатида таништириб, эркакларни ҳеч ким йўқ бўлган уйига учрашувга чорлашган. Улар “шармандалик сценарийси”ни зўр тузишган. Гуруҳ ташкилотчиси – муқаддам бесоқолбозлик билан судланган шахс ўз атрофига спортчи ёшларни тўплаган. Мақсад – “ўлжа”ларни хонадонга кириши билан дўппослаш, беҳаё ҳолатда видеога олиш ва “педофиллик”да айблаб, шантаж қилиш бўлган.

Видеони тарқатмаслик ва ўчириш учун 10 миллион сўм сўрашган.

16-17 ёшли ёш йигитлар, кучга тўлган, спорт билан шуғулланган. Аммо энди улар бу қувватини спорт ареналарида эмас, қамоқхона деворлари орасида ишлатишга мажбур бўлиши мумкин. Бировнинг обрўси, оиласи ва тақдирини шунчаки 10 миллион сўмга баҳолаганларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси, яъни товламачилик билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳў-ў-ўв, кўпни кўрганлар бекорга айтмаган: саёқ юрган барибир бир кун таёқ ейди. Нопок шахслар ва нажас тўлган уйлар тагидан хурсандчилик қидириб юрган ҳар қандай кимса бу каби ҳолат эртага унинг бошига тушиши мумкинлигини эсдан чиқармасин.

Биз бугун жамиятнинг энг оғриқли нуқталарини, кўчада ва хонадонларда содир бўлаётган тартибсизликларни таҳлил қилдик. Яна бир муҳим маълумот, энди тартиб фақат кўчада эмас, саҳнада ҳам бўлади. Президентнинг янги қарори лойиҳасига кўра, энди Ўзбекистонда санъаткор ва бошловчилар ҳар бир тўй ва тантанадан олган гонорари учун солиқ тўлайди. “Бир хизмат – бир тўлов” тамойили доирасидаги солиқ миқдори санъаткорнинг рейтинги ва хизмат кўрсатилган жойга боғлиқ бўлиб, базавий ҳисоблаш миқдори билан ўлчанади. 

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб, ҳар бир тўй, ҳар бир хизмат “Soliq” мобил иловасида қайд этилиши шарт. 2029 йилга бориб эса иловага бириктирилган картадан солиқлар автоматик ундирилади. Эътибор беринг, маълумотни яшириш – лицензияни қўпол равишда бузиш деб баҳоланади. Ҳатто, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганларга ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот берилиши ҳам кўзда тутилган. Бу дегани – энди тартибни нафақат солиқчи, балки бутун жамоатчилик назорат қилади.

Бугун юзимизга отилаётган маломат тошларини бирма-бир кўриб чиқдик. Уларнинг ҳар бири бизга берилган огоҳлантиришдир. Агар бугун уйғонмасак, эртага бу тошлар бизни кўмиб ташлаши ҳеч гап эмас. Хулоса эса ҳар доимгидек ўзингизга ҳавола. Зеро, таҳлил биздан – қарор сиздан. Қалбингизда раҳм-шафқат, амалингизда адолат бўлсин. Омон бўлинг!


Мақола муаллифи

Теглар

Суд ҳайвон таҳлил Gentra Tracker Мушук келишмовчилик шафқатсизлик Ёвуз Инсонийлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг