Швецияда Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик сиёсати юқори баҳоланди
Жамият
−
28 Март 1834 2 дақиқа
Жорий йилнинг 24-25 март кунлари Швеция парламенти – Риксдагда “Ўзбекистонда диний бағрикенглик, экстремизмга қарши кураш ва террорчи гуруҳларнинг собиқ аъзоларини реинтеграция қилиш тажрибаси” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Мазкур нуфузли тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Яҳудийлар диний жамоаси раиси Аркадий Иcахаров, Немис лютеран черкови раиси Людмила Шмидт, Олий Мажлис депутати Дилором Файзиева ҳамда таниқли диншунос экспертлардан иборат делегация Стокгольмга ташриф буюрган.

Семинарда Риксдаг депутатлари, Швеция ҳукумати аъзолари, сиёсий ва эксперт доиралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, диний жамоалар ва ОАВ вакиллари, Стокгольмда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар элчилари – жами 120 дан ортиқ иштирокчи қатнашган.

Делегация аъзолари томонидан Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, виждон эркинлиги ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги тизимли чора-тадбирларнинг самарали натижалари тақдимот қилинган. Жумладан, “Меҳр” операцияси орқали низоли ҳудудлардан қайтарилган Д.Н. ўз чиқишида Ўзбекистонда адашган шахсларга нисбатан қўлланилаётган кечиримлилик ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш сиёсатининг амалий моҳиятини очиб бергани иштирокчиларда катта таассурот қолдирган.
Live
Барчаси