Олимлар бошқа динозаврнинг бош чаноғидан тираннозавр тишини топди
Бу қизиқ
−
21 Март 5437 2 дақиқа
Палеонтологлар Tyrannosaurus rex нафақат ўлаксахўр бўлгани, балки йирик ўтхўр динозаврларни фаол ов қилганига оид нодир ва тўғридан тўғри далилга эга бўлди. Бу ҳақда йиртқичнинг тиши қадалиб қолган эдмонтозавр бош чаноғига бағишланган тадқиқотда сўз боради.
Иш 2005 йилда АҚШнинг Монтана штатида топилган Edmontosaurus ўрдакбурун динозаврининг деярли тўлиқ бош чаноғини ўрганишга асосланган. Қояли тоғлар музейида сақланаётган бу топилмада ғайриоддий детал бор: тумшуқнинг юқори қисмини тешиб ўтиб, бурун бўшлиғи ичида қадалиб қолган тиш бўлаги.
Компьютер томографияси тишнинг жойлашувини аниқ белгилаш имконини берган. Унинг йўналишига асосланиб, тадқиқотчилар шундай хулосага келишдики, тиш қурбон ҳужумчига юзма-юз турган пайтдаги кучли тишлаш оқибатида синиб қолган. Жароҳатда битиш аломатлари йўқлиги унинг ўлимдан сал олдин ёки ўлимдан сўнг дарҳол содир бўлганини кўрсатади.
Тишнинг шакли ва ўлчамларини маълум намуналар билан солиштириш унинг вояга етган тираннозаврга тегишли эканини исботлаган.
“Биз тиш бош чаноғи тахминан бир метр келадиган вояга етган тираннозаврга тегишли эканини аниқладик”, дейди иш муаллифлари.
Тишлаш излари бош чаноғининг икки томонида – кўз косаси орқасида ва пастки жағнинг орқа қисмида топилган. Эдмонтозаврнинг бу соҳаларида кучли чайнаш мушаклари ва энг кўп юмшоқ тўқималар бўлган. Бундай шикастланишлар тақсимоти ўлжанинг энг гўштдор қисмларини биринчи бўлиб ейдиган замонавий йиртқичларнинг хатти-ҳаракатига мос келади.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, бу тираннозавр қурбонга нафақат ҳужум қилгани, балки унинг бир қисмини еганини ҳам англатади. Эҳтимол, қолдиқлар сув билан ювилиб, кўмилиб қолишидан олдин юмшоқ тўқималарнинг катта қисми ейилган бўлиши мумкин.
Аввалроқ олимлар T. rex асосан овчи бўлганми ёки ўлаксахўрми, деган мавзуда баҳслашишар эди. Янги маълумотлар унинг кўплаб замонавий йирик йиртқичлар каби ҳар икки стратегияни уйғунлаштирганини тасдиқлайди.
Муаллифлар бундай топилмалар жуда кам учрашини таъкидламоқдалар: динозавр айнан қайси йиртқич томонидан ўлдирилгани ва ейилганига оид тўғридан тўғри қазилма далилини топиш – катта омад. Уларнинг сўзларига кўра, бундай намуналар қадимий экотизимларнинг хулқ-атворини ва бўр даврининг энг йирик йиртқичлари ролини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ игер ҳудудида Чикаго университети палеонтологлари бошчилигидаги халқаро олимлар гуруҳи томонидан Spinosaurus mirabilis (“ажойиб тиконли калтакесак”) деб номланган янги тур қолдиқлари топилганди.
Live
Барчаси