“Икки чегарачи ҳалок бўлди”. Тожикистон Афғонистон билан чегарадаги отишмани тасдиқлади

Олам

image

Кеча, куни 24 декабрь куни Афғонистон томондан ноқонуний равишда чегарани кесиб ўтган афғонистонликлар билан қуролли тўқнашув оқибатида Тожикистоннинг икки нафар чегарачиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинлари матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса Шамсиддин Шохин туманидаги 0341-сонли “Сарчашма” чегара отрядига қарашли 5-сонли “Сад” чегара пости ҳудудида юз берган. 23 декабрь куни соат 23:30 да Афғонистонлик уч киши давлат чегарасини бузиб ўтган. Уларнинг жойлашуви 24 декабрь куни соат 11:15 да аниқланган.

Чегарачиларнинг таслим бўлиш ҳақидаги талабига ҳуқуқбузарлар рад жавобини бериб, қуролли қаршилик кўрсатган. Қўмита маълумотига кўра, улар Тожикистон Чегара қўшинларининг постларидан бирига ҳужум уюштиришни режалаштирган. Жавоб натижасида учала афғонистонлик йўқ қилинган.

Тўқнашув жойидан ҳуқуқ-тартибот идоралари уч дона М-16 русумли милтиқ, битта Калашников автомати, чет элда ишлаб чиқарилган, овоз пасайтиргичлар билан жиҳозланган учта тўппонча, шунингдек, ўнта қўл гранатасини мусодара қилган. Бундан ташқари, афғонлар ёнида тунги кўриш мосламалари, портловчи моддалар ва турли хил ўқ-дорилар бўлган.

Террорчилик ҳаракатининг олдини олиш бўйича олиб борилган амалиёт чоғида Тожикистон ҳарбий хизматчилари – Зирехбон Наврўзбеков ва Исматулло Қурбонов ҳалок бўлган. Чегара қўшинлари хизмат вазифасини бажариш вақтида шахсий таркиб йўқотилганлиги муносабати билан марҳумларнинг оила аъзоларига таъзия билдирган.

Идоранинг таъкидлашича, сўнгги бир ой ичида бу Афғонистон ҳудудидан келган ёки у ерда жойлашган аскарлар томонидан содир этилган учинчи қуролли ҳужум бўлиб, унда тинч аҳоли ёки ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлган.

“Бу ҳолатлар “Толибон” ҳукумати Тожикистон Республикаси билан давлат чегарасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда террорчи ташкилотлар аъзоларига қарши кураш бўйича ўз халқаро мажбуриятлари ва ваъдаларини жиддий ва такроран бажармаётганини кўрсатади”, дейилади хабарда. 

Идора “Толибон” раҳбарияти Тожикистон халқидан расман узр сўраши ва чегарада хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича самарали чоралар кўришига умид билдирган.

Ҳозирда чегара ҳудудидаги вазият барқарор, деб баҳоланмоқда, ҳодиса юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон чегара қўшинлари Афғонистондан чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринган бир гуруҳ контрабандачиларни зарарсизлантириш учун биринчи марта маҳаллий ишлаб чиқарилган дрондан фойдаланганди. Воқеа 20 ноябрга ўтар кечаси Ҳамадоний чегара туманида содир бўлган. Етти нафар контрабандачилар гуруҳи чегарани кесиб ўтаётганда ҳужумга учраган. Эрталаб воқеа жойида икки нафар Афғонистон фуқароси: Авалмир ўғли Шерохо ва Ҳаким ўғли Жумагулнинг жасадлари топилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Тожикистон чегара Толибон Сарчашма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг