Тожикистонда қор қоплонини овлаганларга жазо кучайтирилди

Олам

image

Тожикистон парламенти қор қоплонини овлаш ва ноқонуний муомаласи учун жазони қатъийлаштирувчи ўзгартишларни Жиноят кодексига киритди. Бу ҳақда парламентнинг “Садои мардум” газетаси хабар берди.

Янги таҳрирга кўра, 232-1-модда энди “Қор барсини овлаш, қасддан йўқ қилиш, шунингдек, уни ноқонуний олиш, сақлаш, топшириш ёки сотиш” деб номланади. Аввал модда фақат овлаш ва қасддан йўқ қилишни қамраб олган эди.

Эндиликда ушбу қоидабузарликлар учун 1200–1800 ҳисоб кўрсаткичигача (117-175 млн сўм) жарима ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди. Олдинги таҳрирда жарима миқдори 800–1200 ҳисоб кўрсаткичи (78-117 млн сўм) бўлган, шунингдек, 2 йилгача тузатиш ишлари ёки 3 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган эди.

Агар ушбу ҳаракатлар такрор содир этилса, 2000–3000 ҳисоб кўрсаткичигача (195-292 млн сўм) жарима ёки 4 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланади. Шунингдек, 5 йилгача муайян лавозимларни эгаллаш ёки фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 236-моддасига (алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар ва объектлар режимини бузиш) ҳам ўзгартиш киритилиб, агар етказилган зарар жуда катта миқдорда бўлса, жарима 500 ҳисоб кўрсаткичигача (48,7 млн сўм) оширилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси қор қоплонини мамлакатнинг миллий рамзи сифатида тан олиш тўғрисида қарор қабул қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон қор қоплони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг