Анқара яқинида қулаган Ливия самолётининг “қора қути”си топилди

Олам

image

Аввалроқ, бортида Ливия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Муҳаммад ал-Ҳаддад бўлган самолёт Анқара яқинида ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берилган эди. Туркиялик қутқарувчилар мазкур самолётнинг борт ёзувчисини (қора қути) топди. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя TRT Haber телеканали эфирида маълум қилди.

“Қора қути чоршанба куни маҳаллий вақт билан соат 02:45 да топилди. Ҳозирда кенг қамровли тергов олиб борилмоқда, унинг натижалари яқин вақт ичида маълум қилинади”, дейди у.

Вазирга кўра, Falcon 50 самолёти кеча, 23 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 20:17 да Анқарадаги Эсенбўға аэропортидан Триполига парвоз қилган. Соат 20:32 да экипаж бортда фавқулодда ҳолат юзага келгани ва аэропортга қайтишини билдирган. Соат 20:52 да самолёт билан алоқа узилган. Самолёт қолдиқлари соат 22:00 да Анқара вилоятининг Ҳаймана ҳудудида топилган. Бортда саккиз киши, жумладан беш нафар ливиялик ҳарбий бўлган.

Туркия Ички ишлар вазирининг айтишича, ҳалокат ҳудудида қидирув ишлари давом этмоқда. Уларга Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, жандармерия, криминалистлар вакиллари жалб қилинган бўлиб, жами 408 киши, 103 та ерусти техникаси ва 7 та ҳаво воситаси иштирок этмоқда.

“Самолёт бўлаклари тахминан 3 квадрат километр майдонга сочилиб кетган”, дейди Ерлиқоя.

У, шунингдек, ҳодиса сабабларини аниқлаш учун Ливиядан Анқарага 20 нафар мутахассис келганини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ливия Миллий бирлик ҳукумати Туркияда содир бўлган авиаҳалокат оқибатида армия Бош штаби бошлиғи генерал Муҳаммад ал-Ҳаддад ва уни кузатиб борган шахслар ҳалок бўлгани муносабати билан мамлакатда уч кунлик расмий мотам эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

авиаҳалокат Ливия Муҳаммад ал-Ҳаддад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг