Ливияда мотам эълон қилинди

Олам

image

Ливия Миллий бирлик ҳукумати Туркияда содир бўлган авиаҳалокат оқибатида армия Бош штаби бошлиғи генерал Муҳаммад ал-Ҳаддад ва уни кузатиб борган шахслар ҳалок бўлгани муносабати билан мамлакатда уч кунлик расмий мотам эълон қилди. Бу ҳақда “Youm7” нашри хабар берди.

Мотам кунлари давомида барча давлат муассасаларида байроқлар ярим устунга туширилади, тантанали ва расмий тадбирлар вақтинча тўхтатилади.

Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоянинг маълум қилишича, ливиялик генерал бўлган хусусий самолёт Анқарадаги Эсенбоға аэропортидан Триполига маҳаллий вақт билан соат 20:10 да учиб чиққан, 20:52 да эса у билан алоқа узилган. Самолёт парчалари Анқара вилоятининг Ҳайман тумани ҳудудидан топилган.

Кейинроқ Туркия Президенти маъмурияти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Бурҳанеттин Дуран Х ижтимоий тармоғида самолёт 20:17 да парвоз қилганини, бортда Ливия Бош штаби бошлиғи, унинг атрофидан тўрт нафар шахс ва уч нафар экипаж аъзоси бўлганини аниқлаштирган. 

Соат 20:33 да экипаж диспетчерларга электр жиҳозларида носозлик юзага келгани ҳақида хабар бериб, фавқулодда қўнишни сўраган ва самолётни Эсенбоғага қайтаришга уринган. Пасайишни бошлаган самолёт 20:36 да радар экранларидан ғойиб бўлган ва шундан сўнг алоқа бутунлай узилган.

Самолёт бортида Муҳаммад ал-Ҳаддаддан ташқари яна тўрт киши бўлган. Унга маслаҳатчиси Муҳаммад ал-Асави Диаб, Қуруқликдаги қўшинлар штаби бошлиғи генерал-лейтенант ал-Файтури Гариб, бригада генерали Маҳмуд ал-Кативий ҳамда Бош штаб матбуот хизмати фотографи Муҳаммад Умар Аҳмад Маҳжуб ҳамроҳлик қилган.

Муҳаммад ал-Ҳаддад 2020 йилдан буён Ливия армияси Бош штабига раҳбарлик қилиб келган ва мамлакат ҳарбий элитасини бирлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларда муҳим роль ўйнаган. У Ғарбий ва Шарқий минтақалардан беш нафардан ҳарбий вакил қатнашган “5+5” қўшма ҳарбий қўмитаси йиғилишларида иштирок этган. Генерал ягона мунтазам Ливия армиясини тузиш, миллий суверенитетни ҳимоя қилиш ва ҳарбийлар ўртасидаги бўлинишга барҳам беришни мақсад қилган эди. Ал-Ҳаддад Туркияга бир неча бор ташриф буюрган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ливия Али Ерлиқоя Муҳаммад ал-Ҳаддад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг