Жиззахда оғир аҳволдаги маҳкумга тиббий ёрдам кўрсатилмади
Жамият
−
12:12 3437 2 дақиқа
Жиззах вилоятидаги 29-сон Манзил-колонияда оғир аҳволдаги маҳкум М.Б.га шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмаган. У бу ҳақида Омбудсманга шикоят қилган.
Маълум бўлишича, маҳкум колония ходимлари кузатувида икки кун давомида юқори ҳарорат ва иситма билан бир нечта тиббиёт муассасаларига олиб борилган бўлса-да, бирида тўлов ёки йўлланма талаб қилинган, иккинчиси эса “ўпка шифокори йўқ” деган сабаб билан қабул қилмаган. Маҳкум “чап ўпка абцесси, икки томонлама пастки бўлак пневмонияси” ташхиси билан оғир аҳволда бўлган.
Ҳолат Омбудсман назоратига олиниб, унинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили томонидан маҳкум зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалига олиб борилган. Бемор зарур таҳлиллардан ўтказилиб, стационар даволашга ётқизилган. Даъво муолажаларини олиб, қайтганидан сўнг ҳам керакли дори воситалар колония маъмурияти томонидан олиб берилган.
Хабарда айтилишича, бу каби ҳолат бошқа муассасаларда ҳам учрайди. Масалан, Жиззах шаҳар ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган Ю.Ю. жарроҳлик амалиёти ўтказиш борасида, Наманган вилоятидаги 6-сон Тергов ҳибсхонасида сақланаётган, 5 ойлик ҳомиласи бор аёл З.М. тиббий ёрдамга муҳтожлиги бўйича омбудсманга мурожаат қилган. Маҳкумлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, улардан бири шифохонага ётқизилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунининг 30-моддасига кўра, “Фуқаролар соғлиқни сақлаш тизимининг ҳар қандай даволаш-профилактика муассасасида шошилинч тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга".
Live
Барчаси