Венгрия АҚШдан газ олади
Олам
−
11:27 1234 1 дақиқа
Венгрияда ҳар йили АҚШдан 400 миллион кубометр суюлтирилган табиий газ (LNG) олишини назарда тутувчи беш йиллик шартнома имзоланди. Бу ҳақда Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто Х ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.
Шартнома доирасида кейинги беш йил ичида Венгрия умумий 2 миллиард кубометр LNG олади. Венгрия ташқи энергия манбаларини кўпроқ сотувчилардан, йўллар орқали ва қулай нархда сотиб олишни мақсад қилган.
Ҳозирда мамлакат йилига тахминан 8 миллиард кубометр газни Россиядан “Турк оқими” орқали олади. Шунингдек, АҚШ Венгрияга Россия нефть ва газини сотиб олишга қўйилган санкциялардан чекланмаган эркинлик берган. Европа Иттифоқи эса REPowerEU режаси доирасида 2027 йилга қадар Россиядан газ импортини босқичма-босқич тўхтатишни режалаштирмоқда, қисқа муддатли шартномалар учун эса бу тақиқ 2026 йилнинг апрелидан LNG, июнидан эса қувур орқали газга татбиқ қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи давлатларининг Энергетика вазирлари иттифоққа аъзо барча мамлакатларни Россия газидан воз кечишини назарда тутувчи лойиҳани автоматик тарзда маъқуллаши кутилаётгани ҳақида хабар берилганди. Россия газини етказиб беришни тўлиқ тақиқлашга оид қонун лойиҳаси Венгрия ва Словакия қаршилигига қарамасдан автоматик равишда маъқулланади.
Live
Барчаси