Филиппинда 100 минглаб одамлар норозилик намойишига чиқди

Олам

image

Кеча, 16 ноябрь куни Филиппин пойтахти Манилада тахминан 550 минг киши тошқинлардан ҳимоя лойиҳалари атрофидаги фирибгарликларга қарши норозилик билдирди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, юз минглаб одамлар тошқинлардан ҳимоялаш иншоотлари қурилиши билан боғлиқ можаролар сабаб Манила кўчаларига чиққан. Филиппин пойтахтида намойишчилар давлат томонидан тошқинларга қарши инфратузилма лойиҳаларига ажратилган 500 миллиард песодан (тахминан 104,9 миллиард сўм) ортиқ маблағларни ўғирлаганликда айбланаётган шахсларни жазолашни талаб қилган.

Полиция маълумотига кўра, христиан ташкилоти “Iglesia ni Cristo” томонидан уюштирилган акцияда қарийб 550 000 киши иштирок этган. Плакатларда “Адолат!”, “Фитна ўрнига шаффофлик!” каби шиорлар ёзилган. Ташкилотчилар бу намойишни коррупцион можарога қарши ўтказилган энг йирик акция сифатида баҳоламоқда. Янги норозилик намойишлари 17 ва 18 ноябрь кунларига ҳам режалаштирилган.

Ушбу коррупция можаросида, бошқалар қатори, Президент кичик Фердинанд Маркоснинг яқин ҳамкорлари ҳам тилга олинмоқда. Шунингдек, ўнлаб қурилиш пудратчилари, давлат амалдорлари ва қонунчилар, жумладан, Президентнинг амакиваччаси ҳам фигурантлар қаторида.

Улар ҳақиқий лойиҳалар ўрнига сохта шартномалар тузганликда ёки ишларини сифатсиз бажарганликда айбланмоқда. Бундан ташқари, ажратилган маблағларни ўғирлаш ва сиёсатчилар ҳамда амалдорларга пора берилгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Маълумот учун, Филиппин – экстремал об-ҳаво ҳодисаларига, жумладан, тошқинлар ва тайфунларга мойил давлат. Ҳар йили ушбу орол мамлакатига ўртача 20 га яқин тропик бўрон келади. Кучли тайфунлардан бири ноябрь ойининг бошларида Филиппинга зарба берган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Филиппин қирғоқларида 6,1 магнитудали зилзила содир бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Филиппин норозилик намойиши Манила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг