Трампнинг Ўзбекистонда туғилган маслаҳатчиси Тошкентга келяпти
Жамият
−
25 Октябрь 2025 11430 2 дақиқа
АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Кристофер Ландау билан бирга жорий йилнинг 26–30 октябрь кунлари Ўзбекистон ва Қозоғистонга келади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди.
Гор ва Ландау Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари билан учрашиб, кенг кўламли иқтисодий ва хавфсизлик масалаларини муҳокама қилади.
“АҚШ Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда давом этади. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда C5+1 дипломатик платформаси доирасида АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги 10 йиллик шерикликни нишонлашни интиқлик билан кутмоқдамиз”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Сержио Гор 1986 йил 30 ноябрда Тошкентда туғилган ва кейинчалик АҚШда таълим олган. У сиёсий фаолиятини республикачилар партияси доирасида олиб борган, Дональд Трамп жамоасида турли лавозимларда ишлаган ва унинг энг яқин сафдошларидан бири сифатида танилган. Гор Оқ уйда Президент Кадрлар бошқармаси директори сифатида фаолият юритган, шунингдек, сиёсий кампанияларда ҳам фаол қатнашган. 2025 йил 22 август куни Дональд Трамп уни Ҳиндистондаги элчи лавозимига номзод қилиб кўрсатган. Ҳозирда у Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакил сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессияси тадбирлари доирасида ўзи учун ажратилган қароргоҳда АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилганди.
Live
Барчаси