Россияда WhatsApp ва Telegram фаолияти чекланади

Олам

image

Россия алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги назорат федерал хизмати (Роскомнадзор) WhatsApp ва Telegram мессенжерларининг ишини қисман чеклаш чораларини кўрмоқда. Бу ҳақда идорага таяниб, РБК хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, мазкур мессенжерлар фирибгарлик, товламачилик, шунингдек, Россия фуқароларини диверсия ва террорчилик фаолиятларига жалб этиш учун асосий воситага айланган. Бу ҳақда идора ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотлари ҳамда фуқароларнинг шикоятларига таяниб билдирган.

“Мессенжер эгалари томонидан жиноятчиларга қарши чоралар кўриш ҳақидаги кўплаб талаблар эътиборсиз қолдирилган. Шу сабабли, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар материалларига асосан, хорижий мессенжерларнинг ишини қисман чеклаш чоралари кўрилмоқда”, дейилади Роскомнадзор хабарида.

Қайд этилишича, кеча, 21 октябрь куни Россиянинг жанубий ҳудудларида – Краснодар ўлкаси, Адигея, Ростов ва Астрахан вилоятлари ҳамда Ставрополь ўлкасида Telegram ва WhatsApp ишлашида узилишлар кузатилгани ҳақида кўплаб шикоятлар тушган.

Статистик маълумотларга кўра, 2025 йил июль ҳолатига WhatsApp 96,2 миллион фойдаланувчи (12 ёшдан катта) билан Россияда энг машҳур мобил илова бўлиб қолмоқда. Telegram эса 89,8 миллион фойдаланувчи билан иккинчи ўринда туради. Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги олти ойда ушбу мессенжерлар орқали камида 142 мингта жиноят содир этилган. Идора, шунингдек, уларни “Украина махсус хизматларининг Россия фуқароларини ёллаш воситаси” деб атаган ва фуқароларга онлайн мулоқотда эҳтиёт бўлишни эслатган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Роскомнадзор ушбу мессенжерларда қўнғироқларни қисман чеклаш чораларини жорий этган эди. Идора буни “фирибгарлик ва терроризмга қарши кураш” билан изоҳлаган.

Telegram вакиллари эса бунга жавобан платформада зарарли контент, жумладан, зўравонлик ва фирибгарлик чақириқларига қарши фаол кураш олиб борилаётганини билдирган. WhatsApp эса фойдаланувчиларнинг хавфсиз мулоқотини таъминлаш учун “қўлидан келган барча ишни қилишини” маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Telegram WhatsApp Роскомнадзор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг