Сурияни тиклаш учун қанча маблағ кераклиги айтилди

Олам

image

Жаҳон банки фуқаролар уруши ортидан Сурияни тўлиқ тиклаш учун зарур бўлган харажатларни 216 миллиард доллар деб баҳолади. Бу ҳақдаги ҳисобот банкнинг расмий сайтида эълон қилинди.

Ҳисобот 2011-2024 йиллар оралиғидаги маълумотларга асосланган бўлиб, унда уруш оқибатида Суриянинг урушдан аввалги жами капиталининг қарийб учдан бир қисми йўқотилгани қайд этилган. Инфратузилма, турар ва нотурар биноларга етказилган тўғридан тўғри моддий зарар 108 миллиард доллар деб баҳоланган.

Энг кўп зарар кўрган соҳа – инфратузилма, унга жами зарарнинг 48 фоизи (яъни 52 миллиард доллар) тўғри келган. Умуман олганда, йўқотилган ва шикастланган активларнинг умумий қиймати 140 миллиарддан 345 миллиард долларгача деб баҳоланган бўлиб, 216 миллиард доллар энг консерватив (эҳтиёткор) ҳисоб-китоб сифатида келтирилган.

Энг катта вайронагарчиликлар Ҳалаб (Алеппо) вилояти ва Дамашқ атрофидаги қишлоқ ҳудудларида қайд этилган – бу ҳудудларда урушнинг дастлабки йилларида энг шиддатли жанглар бўлиб ўтган.

Жаҳон банкининг маълумотига кўра, Сурияни тиклаш учун зарур харажатлар 2024 йилдаги мамлакат ЯИМдан ўн баравар кўпни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тараққиёт дастурининг (UNDP) Фаластин халқига ёрдам бўйича раҳбари Яко Силлиерс Женевада бўлиб ўтган брифингда Ғазо секторини қайта қуриш учун 70 миллиард доллар маблағ керак бўлишини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Жаҳон банки инфратузилма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг