Ғазони тиклаш учун қанча маблағ кераклиги айтилди

Олам

image

Ғазо секторини қайта қуриш учун 70 миллиард доллар маблағ керак бўлади. Бу ҳақда бугун, 14 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тараққиёт дастурининг (UNDP) Фаластин халқига ёрдам бўйича раҳбари Яко Силлиерс Женевада бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

“Ғазо секторини қайта қуриш қиймати 70 миллиард долларга баҳоланмоқда”, дейди у.

Яко Силлиерснинг айтишича, Жаҳон банки жорий йилнинг март ойида зарур инвестицияларни 23 миллиардга баҳолаган, аммо ўшандан бери Исроилнинг давом этаётган ҳарбий ҳаракатлари, жумладан, Ғазо шаҳрининг жиддий вайрон бўлиши туфайли реконструкция харажатлари сезиларли даражада ошган.

Шунингдек, у Ғазо секторини тиклаш учун кетадиган вақтнинг тахминий муддатини аниқ айта олмаслигини, бу молиялаштириш ҳажмига боғлиқ бўлишини, аммо бу “ўнлаб йиллар”га чўзилиши мумкинлигини билдирган. 

UNDP ҳисоб-китобларига кўра, Ғазода камида 50 миллион тонна вайронагарчиликдан қолган қолдиқларни тозалаш керак. Шу билан бирга, у вайроналар остида ҳалок бўлган фаластинликларнинг жасадларини топиш мумкинлигини ҳам истисно қилмаган.

“Январь ойидан бери биз аллақачон 3 та жасадни топдик. Улар масжиддан топилган. Афсуски, биз бошқаларининг ҳам чиқишини кутмоқдамиз”, дея қўшимча қилган Силлиерс.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳрида ўтган саммитда минтақадаги бошқа раҳбарлар – Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан бирга Ғазо бўйича тинчлик келишувини имзолаганди.

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Фаластин Ғазо UNDP Яко Силлиерс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг