БМТ Қирғизистонни ўлим жазосини қайтармасликка чақирди
Олам
−
20 Октябрь 2025 3241 2 дақиқа
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк Қирғизистон ҳукуматини ўлим жазосини қайта жорий этиш бўйича ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга чақирди. Унинг бу ҳақдаги баёнотини БМТнинг Марказий Осиё бўйича Инсон ҳуқуқлари бошқармаси эълон қилди.
Қирғизистон 1998 йилда ўлим жазосини қўллашни тўхтатган, 2010 йилда эса Инсон ҳуқуқлари ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга қўшимча бўлган Иккинчи факультатив протоколни ратификация қилиб, уни қонуний тарзда бекор қилган. Ушбу ҳужжат иштирокчи давлатларни ўлим жазосини бутунлай бекор қилиш учун зарур чораларни кўришга мажбур қилади.
Бироқ жорий йилнинг сентабр ойи охирида бир қизнинг зўрланиши ва ўлдирилишидан кейин Қирғизистон ҳукумати Конституцияга ўзгартиш киритишни таклиф қилди. Унга кўра, вояга етмаганларга нисбатан зўрлаш, шунингдек, бола ёки катталарни зўрлаб ўлдириш учун ўлим жазосини қўллашга рухсат берилиши ҳамда мамлакатнинг ушбу протоколдан чиқиши кўзда тутилмоқда. Таклифлар яқин ҳафталарда референдумга қўйилиши, маъқуллангандан сўнг эса парламентга киритилиши режалаштирилган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси пакт ва Иккинчи факультатив протоколда уларни бекор қилиш механизми кўзда тутилмаганини, демак, ўлим жазосини бекор қилган давлатлар уни қайта жорий эта олмаслигини маълум қилган. Шунингдек, протоколни ҳеч қандай шартларсиз ратификация қилган давлатга энг оғир жиноятлар учун ҳам ўлим жазосини қўллаш тақиқланади.
“Расмийлар ўлим жазосини қайтаришга сабаб қилиб келтираётган жиноятлар, шубҳасиз, даҳшатли ва улар бўйича адолатли судлов бўлиши керак. Аммо ўлим жазоси оғир жиноятларнинг олдини олишда самарали восита эканини исботловчи далиллар мавжуд эмас”, дейди Тюрк.
Шунингдек, у Қирғизистон ҳукуматини ўлим жазосини қайта жорий этиш бўйича таклифлардан воз кечишга қатъий чақиришини билдирган.
“Бунинг ўрнига улар қонуний ҳимоя, адолатли судлов ва зарарни қоплашни таъминлашга эътибор қаратишлари керак. Зўравонлик, жумладан, жинсий зўравонликка қарши курашда жабрланувчиларнинг манфаатларига йўналтирилган ва етарли ресурслар билан таъминланган ёндашув зарур”, дея қўшимча қилган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари.
Эслатиб ўтамиз, болалар ва аёлларга нисбатан оғир жиноятлар учун ўлим жазосини қайта тиклаш ташаббуси билан Қирғизистон Президенти Садир Жапаров чиққанди. Бунга 27 сентябрь куни ўғирлаб кетилиб, зўрланиб ўлдирилган 17 ёшли Ойсулув Мукашева фожиаси сабаб бўлди.
Live
Барчаси