Нетаньяху ҳали Ғазодаги барча мақсадларига эришмаганини айтди
Олам
−
16 Октябрь 3040 2 дақиқа
Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг фаластинликлар устидан якуний ғалабага эришмоқчи эмаслигини англатмайди. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.
“Биз шубҳасиз бу урушнинг барча мақсадларига эришамиз”, деди у.
Нетаньяхунинг қайд этишича, кураш ҳали тугамаган ва у “якуний ғалабага эришмоқчи” ҳамда Ғазода ўлдирилган барча исроиллик гаровга олинганларнинг жасадларини оилаларига қайтариш ниятида.
Яқин Шарқдаги вазият ҳақида гапирар экан, Бош вазир, шунингдек, “қайта қуролланмоқчи бўлган душманлари томонидан ҳали ҳам жиддий муаммоларга дуч келаётганини” таъкидлади, бироқ айни пайтда қўшни араб давлатлари билан муносабатларни нормаллаштириш учун ҳам жиддий имкониятлар мавжудлигини айтди.
Нетаньяху аввалроқ Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатини қуролсизлантириш Ғазо секторидаги тинчлик жараёнидаги навбатдаги муҳим қадам эканини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, агар бу амалга ошмаса, “ҳақиқий тартибсизлик бошланади”. Бироқ ҲАМАС қуролини ташлашга ҳали тайёр эмаслигини билдирди.
9 октябрга ўтар кечаси Трамп Исроил ҳукумати ва ҲАМАС Ғазо можаросини ҳал қилиш бўйича АҚШ таклиф қилган режанинг биринчи босқичига келишиб олганини маълум қилди. Фаластинлик маҳбуслар эвазига исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш ва Исроил қўшинларини қисман олиб чиқиб кетиш бу режанинг биринчи босқичини ташкил этади. Нетаньяху идораси Исроил ҳукумати ҲАМАС билан келишувнинг биринчи босқичини маъқуллаганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 13 октябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳрида ўтган саммитда минтақадаги бошқа раҳбарлар – Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан бирга Ғазо бўйича тинчлик келишувини имзолаб, уни “жуда муҳим имзолаш маросими” деб таъкидлади.