Британия разведка самолёти Россия яқинида айғоқчилик қилди
Олам
−
11 Октябрь 2025 5692 2 дақиқа
Жорий йилнинг 9 октябрь куни Қироллик ҳарбий-ҳаво кучларининг разведка самолёти “НАТОнинг шарқий чегарасини кузатиш учун” Россия билан чегарада 12 соатлик парвозни амалга оширди. Бу ҳақда Қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари матбуот хизмати хабар берди.
RC-135 Rivet Joint электрон разведка самолёти ва P-8A Poseidon денгиз патруль самолёти Узоқ Шимолдан Россия билан чегара бўйлаб қарийб 10 минг миль узоқликда, Беларусь ва Украинани ҳам кесиб ўтди.
Қайд этилишича, операция ўтган ой давомида Россия дронлари ва самолётларининг НАТО ҳаво ҳудудига такрорий бостириб кириши, жумладан, Польша, Руминия ва Эстониядаги воқеалардан сўнг амалга оширилган. Иккала самолёт ҳам турли усуллар ёрдамида разведка маълумотларини йиғиш, оператив хабардорликни ошириш ва таҳлил қилиш мақсадида қимматли маълумотларни тақдим этиш учун мўлжалланган.
Матбуот хизматининг қўшимча қилишича, Британия самолётлари ва бошқа НАТО иттифоқчилари жамоавий мудофаа тамойилларига содиқлигини намойиш қилиб, қўшма миссияни бажарган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг учта МиГ-31 қирувчи самолёти Вайндло ороли яқинидаги Финляндия кўрфази орқали Эстония ҳаво ҳудудига рухсатсиз кириб борганди ва у ерда тахминан 12 дақиқа қолганди. Бу 2025 йилда Россия самолётларининг Эстония чегарасини тўртинчи марта бузиши эди. 7 сентябрь куни Ми-8 вертолёти ҳам Вайндло ороли яқинида Эстония ҳаво ҳудудини бузган эди. 22 июнь куни эса худди шу минтақада Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ил-76 транспорт самолёти Эстония ҳаво ҳудудига рухсатсиз кирганди.
Чехия Президенти Петр Павел эса Россия кучлари томонидан ҳаво ҳудуди бузилган мамлакатларга Россия самолётларини уриб туширишни маслаҳат берганди.