Путин ва Алиев музокарасидан сўнг “Sputnik Озарбайжон” директори озод қилинди
Олам
−
10 Октябрь 2025 6807 2 дақиқа
Жорий йилнинг июнь ойида Бакуда қўлга олинган “Sputnik Озарбайжон” ахборот агентлиги ижрочи директори Игорь Картавих озод қилинди. Маълум бўлишича, Россия томони ҳам ўз ҳудудида қўлга олинган Озарбайжон фуқароларидан бирини қўйиб юборган. Бу маълумотни Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков тасдиқлади.
Унинг сўзларига кўра, ушбу қарор Президентлар ёрдамчилари даражасидаги музокаралар натижаси бўлган ва озод этиш масаласи Россия ҳамда Озарбайжон Президентларининг жорий йилнинг 9 октябрь куни бўлиб ўтган учрашуви арафасида ҳал қилинган.
Қайд этиш жоиз, Игорь Картавих ва “Sputnik Озарбайжон” нашрининг бир нечта ходимлари июнь ойи охирида ҳибсга олинган эди. Уларнинг аксарияти кейинчалик “уйдан чиқмаслик тўғрисида тилхат” билан қўйиб юборилган, бироқ Картавих ва нашр бош муҳаррири Евгений Белоусов ҳибсда қолдирилган эди. Ўша пайтда бир қатор Озарбайжон ОАВлари “Россиянинг икки агенти” қўлга олингани ҳақида хабар берган, аммо Россия бу айбловларни рад этган.
Ушбу воқеалар Россия ва Озарбайжон ўртасидаги сиёсий кескинлик фонида юз берганди. Ҳаммаси жорий йилнинг 27 июнь куни Россиянинг Екетеринбург шаҳрида Озарбайжон фуқароларига қарши ўтказилган рейддан сўнг бошланган. Ушбу рейд давомида 2 нафар Озарбайжон фуқароси – ака-ука Сафаровлар вафот этганди. Бунинг ортидан Озарбайжон давлат телевидениеси Россия Президентини кескин танқид қилди. Мамлакатда Россия томонидан ўтказилиши режалаштирилган барча маданий тадбирлар бекор қилинди ҳамда Миллий Мажлис раисининг биринчи ўринбосари Али Аҳмедов бошчилигидаги делегация Москвада бўлиб ўтиши керак бўлган Озарбайжон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг 23-йиғилишида иштирок этмаслигини билдирди.
“Россия сегодня”нинг ёзишича, Игорь Картавихнинг эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у уй қамоғига ўтказилган ва ҳозирда у Бакуда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 9 октябрь куни узоқ танаффус ва тарангликдан сўнг Владимир Путин ва Илҳом Алиев учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув бугун, 10 октябрь куни Душанбеда бўлиб ўтадиган МДҲ саммити арафасида ўтказилди. Учрашув давомида Путин ўткан йили декабрда ҳалокатга учраган Озарбайжоннинг AZAL самолёти учун компенсация тўлашини ва бунда Россиянинг айби борлигини тан олди.