Путин НАТО билан урушга тайёргарликнинг биринчи босқичини бошлади – ISW

Олам

image

Кремль НАТО билан урушга тайёргарлик доирасида фаол равишда ахборот ва психологик муҳитни шакллантирмоқда. Бу ҳақда АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) хабар берди.

Таҳлилчилар бу жараённи “0-фаза” деб атаган. Бундай хулосага улар Россия Ташқи разведка хизмати томонидан илгари сурилган даъволар сабаб келган. Унга кўра, гўёки Лондон Европанинг бир портида “руслар” томонидан уюштирилган сохта ҳужумни саҳналаштирмоқчи.

“Кремлнинг Ташқи разведка хизмати орқали сохта воқеалар ҳақидаги баёнотлардан мунтазам фойдаланиши рус жамоатчилигида Ғарбга нисбатан салбий муносабат шакллантириш, ҳар қандай ҳужум ёки таҳдид учун масъулиятни Ғарб давлатларига юклашга қаратилган”, дейилади ISW ҳисоботида.

ISW таҳлилчиларига кўра, Россия разведкасининг бу каби баёнотлари, шунингдек, НАТО давлатларига қарши Москвадан амалга оширилаётган яширин ва очиқ ҳужумлар – диверсиялар, радиоэлектрон уруш воситаларига аралашув, GPS сигналини тўсиш ва ҳаво провокациялари – буларнинг барчаси Россиянинг “ҳарбий ҳаракатлар учун шароит яратиш босқичида мувофиқлаштирилган тайёргарлик ишларини олиб бораётганини” кўрсатади. Шу билан бирга, ISW Кремль НАТО билан тўлиқ миқёсли уруш бошлаш ҳақида қарор қабул қилган, деган якуний хулосани чиқармаган. Шунингдек, институт Россия ҳозирча “яқинлашиб келаётган тўқнашув” учун фаол ҳарбий сафарбарлик аломатлари кузатилмаётгани ёзмоқда.

Шунга қарамай, Москва узоқ муддатли стратегик режаларни амалга оширмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, улар НАТО билан келажакдаги эҳтимолий урушга тайёргарликнинг бир қисми бўлиши мумкин. Бунга, масалан, Россиянинг ғарбий чегарасидаги ҳарбий округларни қайта ташкил этиш ва Финляндия билан чегарада янги ҳарбий базалар қурилиши киради.

“Россия Европани ўз мудофаасини мустаҳкамлашга қаратилган ҳозирги саъй-ҳаракатларини тўхтатишга ёки камайтиришга ундамоқда, гўёки бундай ҳаракатлар Россия ҳужумига туртки бўлиши мумкин, деган қўрқувни уйғотмоқда. Бу Кремлнинг кенгроқ стратегиясининг бир қисми бўлиб, унинг мақсади рақибларини Москвага фойда келтирадиган сиёсий қарорлар қабул қилишга мажбур этишдир”, дейилади ISW ҳисоботида.

Қайд этиш жоиз, сўнгги бир ой ичида Россия НАТО давлатларига қарши провакацион ҳужумларини сезиларли даражада кучайтирди. Энг эътиборли ҳолатлар сифатида Польша, Руминия ва Эстония ҳаво ҳудудларига Россия дронлари ва ҳарбий самолётларининг кириб бориши қайд этилган. Бундан ташқари, Шимолий Европа мамлакатларида – Дания, Норвегия ва Германияда сўнгги ҳафталарда номаълум дронлар сабаб аэропортлар ёпилиши билан боғлиқ ҳодисалар кўпайган, уларнинг ортида эса Москва тургани тахмин қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дания ҳарбий разведка хизмати директори Томас Аренкиль Россия Дания ва бошқа Ғарб мамлакатларига қарши гибрид уруш олиб бораётганини – бу орқали у НАТО ичида ишончсизлик ва ихтилоф уруғини сочиш ҳамда Украинага кўрсатилаётган ёрдамни сусайтиришни мақсад қилганини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия разведка Урушни ўрганиш институти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг