Трамп АҚШдан кетадиган мигрант ўсмирларга 2,5 минг доллардан тўламоқчи
Олам
−
04 Октябрь 2025 2497 1 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти 14 ёшдан катта бўлган норасмий мигрант ўсмирларга ўз ихтиёри билан ватанларига қайтган тақдирда 2500 доллар миқдорида тўлов таклиф қилмоқчи. Бу ҳақда мигрантлар учун жойлаштириш марказларига юборилган электрон хатга таяниб, “Associated Press” агентлиги хабар берди.
Ҳатга кўра, ўсмирларга ўз юртларига ихтиёрий равишда қайтиш эвазига ушбу маблағни олиш таклиф қилинади ва уларга бу таклифга жавоб бериш учун 24 соат вақт берилади.
Айни пайтда АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) ушбу ташаббуснинг кучга кириш санаси ҳақида ҳали маълум қилмаган. Шунингдек, таклифни рад этганлар учун қандай чоралар кўрилиши ҳақида ҳам ҳеч нарса айтилмаган. Бошпаналар раҳбарларидан эса бу ташаббусни тўрт соат ичида маъқуллаш сўралган.
ICE маълумотича, дастлаб таклиф 17 ёшли ўсмирларга қаратилган бўлади. Тўлов фақат суд тасдиғи олинганидан ва бола ўз ватанига етиб борганидан сўнг амалга оширилади.
Бундан олдин АҚШ ҳокимиятлари қонуний мақомдан маҳрум бўлган мигрантларга мамлакатни тарк этиш талабини билдирган хатлар юборишни бошлаган эди. Шу билан бирга, ўз ихтиёри билан чиқиб кетишни бошлаганларга йўл харажатига ёрдам кўрсатилиши ва ватанига етиб борганидан сўнг 1000 доллар тўланиши ҳақида ҳам хабар берилган эди.