Японияда илк бор аёл киши бош вазир бўлиши мумкин

Олам

image

Япониянинг собиқ ички ишлар вазири Санаэ Такаити ҳукмрон Либерал-демократик партия раҳбарлигига сайловда ғалаба қозонди. Бу ҳақда “Kyodo News” хабар берди.

Сайловда жами беш номзод иштирок этди: Такаити, Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Ёсимаса Хаяси, Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик вазири Синдзиро Коидзуми, собиқ иқтисодий хавфсизлик вазири Такаюки Кобаяси ва собиқ ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотэги.

Овоз бериш натижаларига кўра, янги ЛДП раҳбарининг ваколати 2027 йилгача давом этади. Нашрнинг ёзишича, Такаити октябрь ойидаёқ лавозимга киришиши ва Япониянинг биринчи аёл бош вазири бўлиши мумкин.

ЛДП раислиги сайловларида ғалаба қозониш автоматик равишда бош вазир лавозимига тайинланишни кафолатламайди, чунки партия парламентдаги кўпчиликни йўқотди. Бироқ, Комэйто партияси билан коалицияда ЛДПдаги энг нуфузли сиёсий куч бўлиб қолмоқда, мухолифат эса унчалик бирлик кўрсатмаяпти.

64 ёшли Санаэ Такаити ўзининг қатъий хавфсизлик нуқтаи назари билан танилган ва 1947 йилдаги Япония конституциясининг милитаризмни рад этишни таъминловчи 9-моддасини қайта кўриб чиқиш тарафдори.

Такаити ўта ўнг ва миллатчи қарашлар тарафдори саналади. У Ниппон Кайги, йирик консерватив лобби ташкилотининг аъзоси, шунингдек, синто зиёратгоҳларини тиклаш ва ахлоқий тарбия бўйича Диет конференцияси раисининг ўринбосари.

Сиёсатчи япон милитаризми рамзи ҳисобланган Ясукуни зиёратгоҳига бир неча бор ташриф буюрган. Нашрга кўра, юқори мартабали амалдорларнинг у ерга ташрифи анъанага кўра Хитой, Жанубий Корея ва Шимолий Кореяда кескин реакциялар уйғотади ва бу ерда япон истилоси қурбонлари хотирасини ҳақорат қилиш сифатида баҳоланади.

Бундан ташқари, Такаити Хитойнинг иқтисодий сиёсатини танқид қилган ва Япониянинг Хитой иқтисодиётига қарамлигини камайтириш тарафдори саналади.

У Кобэ университети ва Мацусита давлат бошқаруви институтини тамомлаган. 1987 йилда у грант ютиб олган ва АҚШга кўчиб ўтган. Такаити у ерда конгрессмен Патриция Шрёдернинг офисида ишлаган. 1989 йилда у Японияга қайтиб борди ва биринчи марта 1993 йилда Япон Диетининг қуйи палатасига сайланди.

Такаити биринчи вазирлик лавозимини 2006 йилда эгаллаган. Ўша пайтдаги Бош вазир Синдзо Абэ уни бир неча лавозимларга тайинлаган: Фан ва технология сиёсати вазири, Инновациялар вазири, Ёшлар ва гендер тенглиги вазири, Озиқ-овқат хавфсизлиги вазири, Окинава ва Шимолий ҳудудлар ишлари бўйича вазир (Япония ҳукумати Жанубий Куриль оролларини назарда тутади). Бироқ атиги бир йил ўтгач, Абэ истеъфога чиқди ва ҳукуматни тарқатиб юборди ҳамда икки йил ўтгач, ЛДП парламент сайловларида мағлуб бўлди ва мухолифатга ўтди.

2012 йилга келиб, Абэ ўз партиясини навбатдаги сайловларда ғалабага эришди ва бош вазир креслосига қайтди. Такаити ҳам у билан бирга ҳокимиятнинг энг юқори поғонасига қайтди: аввалига партия сиёсатини ўрганиш кенгаши раҳбари, кейин эса ички ишлар вазири. 2021 йилда у ЛДП раислиги учун курашди, аммо Фумио Кисидага ютқазди. Такаити ўз кабинетида иқтисодий хавфсизлик, “Салқин Япония” маданий стратегияси, интеллектуал мулк, фан, технология ва космик сиёсат каби бир нечта вазирлик портфелини эгаллаган.

Такаити ўзининг анча консерватив ва шафқатсиз қарашлари билан танилган ва шу нуқтаи назардан, марҳум бош вазир Синдзо Абэнинг вориси ҳисобланади. Унинг намуналаридан яна бири – Британиянинг “Темир хоними” марҳум Маргарет Тэтчер. Такаити пацифист конституцияни қайта кўриб чиқиш ва армияни кучайтириш тарафдори. У ижтимоий сиёсатда консерватив позицияни эгаллайди: у икки фамилияга, бир жинсли никоҳга ва аёлларнинг император тахтини мерос қилиб олиш ҳуқуқига қарши. Иқтисодиётда Такаити солиқларни камайтириш, фуқароларни тўғридан тўғри қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойларига субсидиялар ва энергия ҳамда ярим ўтказгичлар ишлаб чиқаришга катта ҳажмдаги сармояларни ажратмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония Бош вазири ва Либерал-демократик партия етакчиси Сигэру Исиба истеъфога чиқишини эълон қилганди. Исиба матбуот анжуманида ҳам истеъфо қарорини тасдиқлаб, партия Бош котибига янги раҳбар сайловини ташкил этишни топширганди. Исиба 2024 йилнинг октябрида Фумио Кисиданинг ўрнига Бош вазир бўлганди. Кисида коррупция можароси туфайли ўз номзодини қайта илгари сурмаган эди. Исиба инфляцияга қарши курашиш ва коррупцияга аралашган ЛДПʼни ислоҳ қилишга ваъда берган. Бироқ юқори палатада кўпчилик ўринни бой бергач, унинг истеъфога чиқиши масаласи кескинлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония бош вазир Сигэру Исиба Санаэ Такаити Ёсимаса Хаяси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг