Япония Бош вазири истеъфога чиқяпти
Олам
−
07 Сентябрь 2025 4998 2 дақиқа
Япония Бош вазири ва Либерал-демократик партия етакчиси Сигэру Исиба истеъфога чиқишини эълон қилди. Бу ҳақда NHK хабар берди.
Қайд этилишича, Исиба матбуот анжуманида ҳам истеъфо қарорини тасдиқлаб, партия Бош котибига янги раҳбар сайловини ташкил этишни топширган. Унга кўра, жараён бир ойча вақт олиши мумкин ва шу муддат давомида у вақтинча бош вазирлик лавозимида қолади.
Бу қарор партиянинг июль ойида парламент юқори палатасидаги сайловларда ёмон натижа кўрсатиб, кўпчилик ўрнини йўқотганидан сўнг қабул қилинди.
Исиба 2 сентябрь куни ҳам партия аъзоларидан сайловлардаги мағлубият учун узр сўраган эди. Июль ойида юқори палата сайловлари натижасида ҳукмрон коалиция – ЛДП ва унинг иттифоқчиси кўпчилик ўринни бой берди. Бир неча ой аввал эса улар қуйи палатада ҳам кўпчиликни йўқотган эди. Шундан сўнг, 1955 йилда ташкил этилганидан бери деярли узлуксиз ҳокимиятни ушлаб турган ЛДП жиддий сиёсий инқирозга юз тутди.
Исиба истеъфо қарорини эълон қилган куни партия бош котиби, унинг яқин ҳамкори Хироси Морияма ҳам лавозимидан кетишини билдирган.
ЛДП 8 сентябрь куни навбатдан ташқари раҳбарлик учун сайлов ўтказиш масаласини кўриб чиқиши кутилмоқда.
Исиба 2024 йил октябрида Фумио Кисиданинг ўрнига Бош вазир бўлганди. Кисида коррупция можароси туфайли ўз номзодини қайта илгари сурмаган эди. Исиба инфляцияга қарши курашиш ва коррупцияга аралашган ЛДП’ни ислоҳ қилишга ваъда берган. Бироқ юқори палатада кўпчилик ўринни бой бергач, унинг истеъфога чиқиши масаласи кескинлашди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония Бош вазири Сигэру Исибанинг шахсий бойлиги қарийб 33,8 млн иена (218,2 минг доллар)га тенглиги ҳақида хабар берилганди.