Ўзбекистондаги 3 та банк жаримага тортилди
Жамият
−
03 Октябрь 2025 13913 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан TBC bank'ка нисбатан 615,0 млн сўм, Davr bank'ка нисбатан 931,0 млн сўм ва Hamkorbank'ка нисбатан 955,0 млн сўм миқдорида жарима санкцияси қўлланилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, юқоридаги 3 та банкда аниқланган ҳолатларни бартараф этиш, истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан банкларга аниқ кўрсатмалар берилганди.
Қайд этилишича, TBC bank томонидан кредитни қайтариш жадвалида кўрсатилган тўловлардан кўп келиб тушган маблағлар белгиланган тартибда қарздорликни сўндиришга йўналтирилмаганлиги оқибатида қарз олувчиларга ортиқча ҳисобланган 2,5 млрд сўм фоизлар ҳамда кредитлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суд қарорлари чиқарилгандан сўнг қонунга зид равишда ҳисобланган 1,7 млрд сўм фоизлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Davr bank томонидан хорижий валютада ажратилган кредитлар бўйича ортиқча ҳисобланган 1,7 млрд сўм фоизлар, қонунчиликка зид равишда кредит суммасидан ушлаб қолинган 1,9 млрд сўм маблағлар ва гаров мулкини тақиққа қўйиш учун ундирилган 461,6 млн сўм тўловлар истеъмолчиларга қайтариб берилган.
Hamkorbank'ка эса қонунчиликка зид равишда кредит ажратишда ундирилган 19,2 млрд сўм тўловлар ҳамда гаров мулкини тақиққа қўйиш ва тақиқдан чиқариш учун ундирилган 1,5 млрд сўм тўловлар, шунингдек, кредит шартномаларига назарда тутилмаган бўлса-да, лекин қарз олувчилардан ундирилган 54,9 млн сўм комиссияларни истеъмолчиларга қайтариб беришни таъминлаш юзасидан вазифалар юклатилган.
“Марказий банк бундан буён истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда назорати остидаги барча молиявий ташкилотларга нисбатан қатъий чоралар кўриб, бу ҳақида ўзининг расмий ахборот каналлари орқали жамоатчиликка мунтазам равишда маълумот бериб боради”, дейилади хабарда.
Live
Барчаси