Дунёда қарийб 733 млн киши очликдан қийналмоқда – БМТ

Олам

−

image

Бугунги кунда бутун дунёда қарийб 733 миллион киши очликдан азият чекмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳар куни бир миллиарддан ортиқ порция яроқли озиқ-овқат ташлаб юборилмоқда. Бу миқдордаги овқат эса очликдан азият чекаётган барча одамларни кунига камида бир марта тўйинтиришга етади.

Аниқланишича, дунё бўйича ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқатнинг 13,2 фоизи ҳосил йиғим-теримидан чакана савдога етиб боргунча йўқолади, яна 19 фоизи ёки 1,05 миллиард тоннаси эса уй хўжаликлари, умумий овқатланиш муассасалари ва чакана савдо тизимларида исроф бўлади. Озиқ-овқатнинг йўқотилиши ва ташлаб юборилиши нархларнинг ошишига олиб келмоқда. Бундан ташқари, чиқиндига айланган маҳсулотлар полигонларда иссиқхона газларини чиқариб, иқлим ўзгаришини тезлаштирмоқда.

“Озиқ-овқат исрофи ва йўқотилишини камайтириш орқали уч томонлама фойда олиш мумкин: озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишни яхшилаш, ишлаб чиқарувчилар, корхоналар ва истеъмолчилар учун иқтисодий фойдани таъминлаш, шунингдек, атроф-муҳит ва иқлимга таъсирни камайтириш, биохилма-хилликни сақлаш ва ифлосланишни қисқартириш”, дейилади хабарда.

Ҳар бир киши бунинг учун қуйидагиларни қилиши мумкин:

  • харидларни олдиндан режалаштириб, фақат зарур нарсаларни олиш;
  • маҳсулотларни тўғри сақлаш, уларнинг яроқлилик муддатини узайтириш;
  • “яроқлилик муддати” ва “энг яхшиси шу муддатгача” белгиларига эътибор қаратиш;
  • овқатни меъёрида тайёрлаш, ортиқчасини сақлаб қўйиш (масалан, музлатиб қўйиш);
  • ортиқча озиқ-овқатни муҳтожларга эҳсон қилиш;
  • озиқ-овқат чиқиндиларини компост қилиш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган, яроқлилик муддати ўтган, органолептик кўрсаткичлари меъёр талабларига жавоб бермайдиган 130 574,87 килограмм озиқ-овқат маҳсулотлари ва уй шароитида тайёрланган таомлар савдоси тақиқланиб, ўрнатилган тартибда браковка қилингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг