Бўзсувдаги ифлосланиш ортидан давлат корхонасига жиноят иши очилди (видео)
3-саҳифа
−
29 Сентябрь 2025 4542 2 дақиқа
Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Бўзсув каналига текстиль компаниялари бўёқ қолдиқларини оқизаётгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли текширув ўтказилди ва “Тошкент сув таъминоти” АЖга нисбатан жиноят иши қўзгатилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, оқова сувларнинг чиқиш жойларидан олинган лаборатория таҳлил натижаларига кўра, “Бўзсув аэрация иншооти”нинг биринчи сонли ташламасида муаллақ моддалар чекланган миқдордан 23,7 марта, аммоний иони 101,9 марта, азот нитрит 3,5 марта, сульфатлар 2,3 марта, фосфатлар 1,3 марта, BPK 19,6 марта, нефть маҳсулотлари 2,52 марта, мис 4,16 марта, темир 12,4 марта юқори эканлиги аниқланган.
Шунингдек, объектнинг учинчи сонли ташламасида муаллақ моддалар белгиланган миқдордан 22,1 марта, аммоний иони 19,9 марта, азот нитрит 8,5 марта, сульфатлар 2,8 марта, фосфатлар 1,3 марта, BPK 17 марта, нефть маҳсулотлари 1,78 марта, мис 3,3 марта, темир 3,6 марта юқорилиги маълум бўлган.
Билдирилишича, дастлабки текширув давомида атроф-муҳитни ифлослантирганлик ҳамда оқова оқизганлик оқибатида 1 млрд 511 млн 966 минг 450 сўм қўшимча компенсация тўлови ҳисобланган. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 205-(ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 207-моддалари (мансабга совуққонлик билан қараш) билан “Тошкент сув таъминоти” АЖга нисбатан жиноят иши қўзгатилган. Айни дамда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ томонидан эълон қилинган муносабатда кимёвий чиқиндилар ҳамда текстиль корхоналардан чиқаётган бўёқ қолдиқлари, яъни рангли сувлар тозаловчи иншоотларнинг ишига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилганди.
Live
Барчаси