Бош прокуратура Тошкент ҳавосини ифлослантираётган корхоналарда текширув бошлади
Жамият
−
24 Октябрь
3464Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланишига қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар каби табиий омиллар сабаб бўлаётганини инобатга олган ҳолда, жорий йилнинг 22 октябрь кунидан бошлаб республика бўйича режавий текшириш тадбирлари ўтказиш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Қайд этилишича, пойтахт атмосфера ҳавосини ифлосланишига қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар каби табиий омиллар билан бир қаторда иқлим ўзгариши, саноат ва автотранспорт воситаларидан ташламалар чиқариш ҳажмларининг ошиб бориши, эълон қилинган мораторий даврида ҳам қимматбаҳо дарахтлар ноқонуний кесилиши, шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан қурилиш ишларининг жадал амалга оширилиши бевосита таъсир кўрсатмоқда. Ушбу ҳолатлар инобатга олиниб, прокуратура органлари томонидан атмосферага чиқарилаётган зарарли ташламалар миқдорини камайтириш ва атмосфера ҳавосининг ҳолатини яхшилашга асосий эътибор қаратилиб, республика бўйича режавий текшириш тадбирлари йўлга қўйилган.
Таҳлилларда I ва II тоифага кирувчи, атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган саноат корхоналарида 2024 йилда белгиланган замонавий чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш ишлари пайсалга солинаётгани, шу жумладан Тошкент вилоятида 27 та корхонадан 19 тасида, Тошкент шаҳрида эса 31 та корхонадан 8 тасидагина бу ишлар амалга оширилганлиги маълум бўлган.
Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги текширувлар Экология, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Гидрометеорология хизмати агентлиги, Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда бевосита Бош прокуратура томонидан бошланган.
Билдирилишича, Бош прокуратура аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини алоҳида назоратга олади ҳамда улар бўйича кескин ва муросасиз чоралар кўриб борилишини таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ҳаво таркибидаги PМ2.5 заррачалари миқдори ЖССТ тасдиқлаган меъёрдан қарийб 11 баробарга ошиб кетганди. Тошкент дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича 6-ўринга чиққанди.