12 давлат Фаластиннинг молиявий барқарорлиги бўйича коалиция тузди

Олам

image

Франция Япония, Саудия Арабистони, Испания ва Буюк Британия билан бирга жами 12 давлат Фаластин маъмуриятининг молиявий барқарорлигини таъминлаш учун коалиция тузди. Бу ҳақда кеча, 26 сентябрь куни Франция Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

“Бельгия, Дания, Франция, Исландия, Ирландия, Япония, Норвегия, Саудия Арабистони, Словения, Испания, Швейцария ва Буюк Британия Фаластин маъмуриятининг молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича фавқулодда коалиция тузилганини эълон қилди. Унинг асосий мақсади Фаластин маъмурияти молиясини барқарорлаштириш, унинг бошқариш, асосий хизматларни кўрсатиш ва хавфсизликни таъминлаш имкониятини сақлаб қолишдир”, дейилади ТИВ баёнотида.

Қайд этилишича, коалиция аъзоларининг аксарияти аллақачон катта миқдорда молиявий ҳисса қўшган ва маъмуриятни доимий қўллаб-қувватлашга ваъда берган.

Фаластин Бош вазири Муҳаммад Мустафо идораси хабарига кўра, Нью-Йоркда Саудия Арабистони Фаластин маъмуриятига 90 миллион доллар, Испания 50 миллион доллар, Германия эса 30 миллион евро ажратишини эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 сентябрь куни Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер Лондоннинг Фаластин давлатини тан олишини эълон қилганди. Австралия, Канада ва Португалия ҳам шундай баёнот берди. Шунингдек, Франция, Бельгия ва Люксембург ҳам Фаластинни тан олди. Қатор Ғарб давлатларининг Фаластин давлатини тан олиш ҳақидаги баёнотлари Исроил ва АҚШ томонидан кескин рад этилди ва қораланди.

Кейинроқ эса Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Нью-Йоркда бўлиб ўтган Фаластин муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш ва икки давлат ечимини амалга оширишга бағишланган халқаро конференцияда Европа Иттифоқи Фаластинни қўллаб-қувватлаш ва Ғазони тиклаш учун донорлар гуруҳини тузишини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин коалиция молиявий барқарорлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг