Тил сертификати йўқ ўқитувчиларнинг вақтинчалик ишлашига рухсат берилди
Жамият
−
24 Сентябрь 2025 6305 3 дақиқа
Мактаблардаги камида B2 даражадаги сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчиларига жорий йилнинг якунига қадар ўз меҳнат фаолиятини давом эттиришга рухсат берилди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг жорий йилнинг 15 сентябрь куни қабул қилинган “Хорижий тил ўқитувчиларининг белгиланган талаб даражасидаги сертификатга эга бўлишларига доир зарурий чора-тадбирлар тўғрисида”ги буйруғида белгиланган.
Унга кўра, умумий ўрта таълим мактабларида фаолият олиб бораётган барча хорижий тил ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги талабини сақлаб қолган ҳолда, истисно тариқасида амалда фаолият олиб бораётган ва талаб даражасидаги сертификатга эга бўлмаган педагогларга 2025 йилнинг якунига қадар (жорий ўқув йилининг 1- ва 2-чораклари давомида) ўз меҳнат фаолиятларини давом эттиришга рухсат берилди.
Шу билан бирга, вазирнинг ушбу буйруғи билан талаб даражасидаги сертификатларга эга ўқитувчилар сертификатларининг амал қилиш муддати ўқув йили давомида тугайдиган бўлса, бу тоифадаги ўқитувчиларга ўқув йили сўнгига қадар ишлаш имконияти берилади.
Шунингдек, жорий ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларида юзага келиши мумкин бўлган вакант лавозимларга олий таълим муассасаларида хорижий тиллар ўқитувчиси мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган ҳамда талаб даражасидаги сертификатга эга 3-4-курс талабалари орасидан кадрлар захираси шакллантирилади.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 декабрига қадар ваколатли ташкилотлар томонидан ўтказиладиган чет тили бўйича миллий ҳамда халқаро сертификат имтиҳонларига тайёргарлик жараёнида туман (шаҳар) Мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари томонидан малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда талаб даражасидаги сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари учун қўшимча ўқув машғулотлари ташкил этилади.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 312-сон қарорининг 9-бандида давлат таълим муассасалари хорижий тиллар ўқитувчилари учун хорижий тилларни ўзлаштириш даражаси бўйича 2025/2026 ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур талаб ортидан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари республика кенгаши халқаро тил сертификати йўқ ўқитувчиларни ишдан бўшатмаслик бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритганди.
Кейинроқ эса ушбу тақдимномага жавобан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги халқаро тил сертификати йўқ ўқитувчилар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш юзасидан расмий кўрсатма бермаганини маълум қилди.
Live
Барчаси