Фаластин тинчликка эришмагунча, Туркия курашда давом этади – Эрдўған
Олам
−
23 Сентябрь 2025 3926 2 дақиқа
Фаластин давлати тинчликка эришиб, тўлақонли мустақил бўлмагунча, Туркия курашишда давом этади. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 22 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ доирасида ўтказилган “Фаластин масаласига ечим топиш ва икки давлатли ечимни амалга ошириш” мавзусидаги халқаро конференциядаги нутқида айтиб ўтди.
Эрдўған ўз чиқишида Фаластин давлатини тан олган мамлакатларни табриклаб, бу қарор икки давлатли ечимни тезлаштиришини таъкидлаган. У Ғазода 65 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганини, бундай қирғин ва “геноцид”ни ҳеч ким оқлай олмаслигини айтган. Президентнинг сўзларига кўра, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳукумати Фаластин давлати тузилишини имконсизлаштириш ва фаластинликларни мажбуран кўчиришни мақсад қилган.
Эрдўған Фаластин масаласи бутун дунёга тегишли бўлиб қолгани, турли қитъаларда “Озод Фаластин” чақириқлари янграётганини қайд этган.
Унинг таъкидлашича, Ғарбий Соҳилдаги босқин, Шарқий Қуддусдаги “олди-қочди сиёсати” ва кенгайиш режаларига чек қўйилмаса, халқаро тартиб ва умумий қадриятлар ҳақида гапиришнинг имкони бўлмайди. Эрдўған дарҳол ўт очишни тўхтатиш, инсонпарварлик ёрдамини Ғазога тўсқинликсиз киритиш ва Исроил қўшинларини олиб чиқиш зарурлигини ҳам алоҳида қайд этган. Шунингдек, Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзо бўлиш вақти келганини, 1967 йилги чегаралар асосида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил давлат барпо этилмагунча, Туркия курашни давом эттиришини таъкидлаган.
Эрдўған шунингдек, “Fox News” телеканалига интервью бериб, Ғазодаги воқеаларни “тўлиқ бир геноцид” деб атаган ва унинг асосий айбдори сифатида Нетаньяху ҳукуматини кўрсатган. У Ғазода юз мингдан ортиқ ярадор борлигини, кўплаб ярадорлар даволаш учун Туркияга олиб келинганини айтган. Эрдўған ҲАМАСни “террорчи эмас, балки қаршилик кўрсатувчи ҳаракат” сифатида баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ доирасида ўтказилган конференцияда Ғазодаги ҳаракатлари учун Исроилни қоралай бошлаган пайтда унинг микрофони ўчириб қўйилганди.
Live
Барчаси