Бойсундан 9 минг ёшдаги ўроқ ва донлар топилди
Жамият
−
20 Сентябрь 2025 19469 1 дақиқа
Сурхондарё вилоятидаги Бойсун тоғларида жойлашган Тўда ғорида олиб борилган археологик қазишмалар давомида қадимий меҳнат қуроллари ва ёввойи донли ўсимликлар қолдиқлари топилди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, қазишмалар жараёнида қадимий тош ўроқлар, ёввойи донларнинг уруғлари ҳамда уларга ишлов беришда фойдаланилган меҳнат қуроллари аниқланган. Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, ушбу топилмалар қарийб 9 минг 200 йил аввалги даврга оид. Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи аниқлашича, мазкур кашфиёт минтақанинг қадимий аҳолиси овчилик ва теримчилик билан бир қаторда илк деҳқончилик амалиётларидан ҳам фойдаланганини кўрсатади.
Германиядаги Геоантропология институти илмий ходими Роберт Шпенглернинг таъкидлашича, бу топилмалар деҳқончиликнинг ягона ҳудудда эмас, балки дунёнинг турли минтақаларида, жумладан, Евроосиёда ҳам мустақил равишда шаклланганини тасдиқлайди. Археологик қазишмалар давомида нафақат ўсимлик қолдиқлари, балки тош пичоқлар, ўроқлар ва ёввойи арпага ишлов бериш учун мўлжалланган бошқа асбоблар ҳам топилган. Уларнинг юзасида ғалла пояларини ўриш ва қайта ишлаш жараёнларига оид излар сақланиб қолган.
“Ушбу кашфиёт нафақат Ўзбекистон тарихида, балки инсониятнинг илк аграр маданиятини ўрганишда муҳим илмий далил сифатида катта аҳамият касб этади”, дейилади хабарда.
Live
Барчаси