Россия Украинага энг йирик ҳужумлардан бирини уюштирди. Қурбонлар бор (видео)

Олам

image

Россия ҳарбийлари Днепропетровск вилоятига қарши энг йирик ҳужумлардан бирини амалга оширди. Ушбу ҳужумларни Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам тасдиқлади. 

ОАВга кўра, бу ҳужум уруш бошланганидан бери энг кенг кўламлиларидан бири бўлган. Днепр ва Павлоград шаҳарларида кетма-кет зарбалар қайд этилган, Павлограднинг ўзида тахминан 15 та портлаш содир бўлган.

Ҳужум оқибатида саноат корхоналари зарар кўрган, шаҳарларда қора тутун кўтарилган. Бундан ташқари, Миколайив вилоятида ҳужумдан кейин ёнғинлар юзага келган. 

Зеленскийга кўра, 40 та қанотли ва баллистик ракета ҳамда қарийб 580 хил турдаги дронлардан фойдаланилган.  Давлат раҳбари Украина осмонини ҳимоя қилган барча ҳарбийларга, шунингдек, F-16 учувчиларига миннатдорлик билдирган. Президентга кўра, душман нишони – инфратузилма, тураржой массивлари ва фуқаролик корхоналари бўлган. Днепр шаҳрида ўқ-дорилар билан тўлдирилган ракета кўп қаватли уйга бевосита урилган.

Ҳозирги маълумотларга кўра, ўнлаб одам яраланган, уч киши эса ҳалок бўлган. 

“Бундай зарбалар ҳарбий зарурат эмас, балки Россиянинг Украина фуқароларини қўрқитиш ва инфратузилмани вайрон қилишга қаратилган онгли стратегиясидир. Шу сабабли, кучли халқаро жавоб зарур. Украина ўзини ва Европани ҳимоя қила олишини исботлади, бироқ ишончли қалқон учун ҳамкорликда ҳаракат қилиш керак: ҳаво ҳужумидан мудофаани мустаҳкамлаш, қурол етказиб беришни ошириш, Россиянинг ҳарбий машинаси ва уни молиялаётган соҳаларга қарши санкцияларни кенгайтириш зарур”, деган Владимир Зеленский. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Украина темирйўлига “мураккаб ҳужум” уюштирганди. “Укрзализныца” компанияси матбуот хизмати Россиянинг подстанцияларга ҳужуми оқибатида кечикишлар бўлганини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Днепропетровск Владимир Зеленски

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг