“Катта муаммоларга олиб келади”. Трамп Эстония ҳаво ҳудудининг бузилишини изоҳлади

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Россиянинг Эстония ҳаво ҳудудига киришига муносабат билдириб, бу катта муаммоларга олиб келиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Трамп Оқ уйда журналистлар билан ўтказган суҳбатида маълум қилган.

Унга кўра, бундай ҳолатлар унга ёқмайди ва масала юзасидан яқин орада унга маълумот берилиши кутилмоқда.

“Менга бундай ҳолатлар ёқмайди. Бу жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин, лекин мен сизларга кейинроқ маълум қиламан. Тахминан бир соат ичида мени хабардор қилишади”, деган Оқ уй раҳбари. 

19 сентябрь куни учта Россия МиГ-31 самолётининг Эстония ҳаво ҳудудини бузгани айтилиб, дипломатик можаро юзага келган эди. Эстония Бош вазири Кристен Михалнинг сўзларига кўра, ҳаво ҳудуди бузилиши тахминан 12 дақиқа давом этган ва ҳодиса Вайндло ороли атрофида содир бўлган. 

Ўз вақтида НАТО бу самолётларни чиқариб юборган. Воқеадан сўнг Эстония НАТО давлатлари билан расмий маслаҳатлашувларни бошлаб юборган. 

НАТО Бош котиби Марк Рютте Россия учувчиларининг ҳаракатларини профессионал стандартларга мос келмайди дея баҳолаган, альянс матбуот котиби Оана Лунгеску эса ҳодисани “яна бир масъулиятсиз хатти-ҳаракат” сифатида таърифлаган.

Москва эса “эски ҳаммом, эски тос” қабилида бу айбловларни қатъиян рад этиб, Эстония ҳаво чегаралари бузилмаганини таъкидлаган. Россия Мудофаа вазирлигининг баёнотига кўра, учта МиГ-31 самолёти Карелиядан Калининград вилоятига режалаштирилган парвозни амалга оширган.

Охирги пайтларда Россия чегараларни ёқтирмаслигини кўрсатиб қўймоқда. 10 сентябрга ўтар кечаси Россиянинг камида 19 та дрони Польша чегарасини кесиб ўтганди, уларнинг катта қисми Беларусдан келиб чиққан. Польша самолётларидан ташқари бошқа НАТО давлатларининг қирувчи самолётлари дронларни тутиб олиш учун жойлаштирилди. Варшава Россия атайлаб Польшага ҳужум қилганини ва Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ НАТО иттифоқчилари билан маслаҳатлашишни сўраганини билдирган. Россия эса ҳамма айбловни Украинага ағдарган.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Дональд Трамп Эстония Марк Рютте

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг